Украинадаги уруш оқибатларига қарамай, 2022 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 5,3 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу Жаҳон банкининг навбатдаги ҳисоботида келтирилган.

Унда қайд этилишича, бу йилги янги зарбалар таъсирини юмшатиш заруратидан келиб чиқиб, мамлакатда фискал сиёсат давом эттирилмоқда. Амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар хусусий сектордаги ўсишни жонлантиришда давом этса, ўрта муддатли ривожланиш ижобий кўрсаткичларни қайд этиши мумкин, дейилади ҳисоботда.

Асосий шартлар ва муаммолар

Ўзбекистон сўнгги йилларга савдо ва нархларни либерализация қилиш бўйича бир қатор самарали ислоҳотларни амалга оширди. Лекин шунга қарамасдан маҳсулдорлик, хусусий сектор томонидан ўсиш ва янги иш ўринларини яратишни рағбатлантириш давом этиши учун қўшимча ислоҳотлар зарур.

Асосий эътибор бозорнинг заиф омиллари, савдо ва транзит харажатлари, монопол корхоналар, тартибга солиш муҳити ҳамда қишлоқ хўжалиги ва бутун иқтисодиётда бозорни рағбатлантириш ва барқарорликни янада мустаҳкамлашга қаратилиши керак, дея қайд этади Жаҳон банки мутахассислари.

Камбағаллик чегараси маълумотларига кўра, 2021 йилда аҳолининг 17 фоиз қисми ушбу тоифа таркибига кирган. Ижтимоий ёрдам миқдори ва манзилининг ошиб бориши ушбу қатламдаги аҳоли сонининг камайишига ҳисса қўшади.

Ривожланиш рақамларда

Минтақавий прогнознинг ноаниқлигига қарамай, 2022 йилнинг биринчи ярмида ЯИМ ҳалқаро пул ўтказмалари, экспорт ва инвестициялар ҳисобига 5,4 фоизга ўсди. Иккинчи чоракда реал иш ҳақи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6 фоиздан кўпроққа ошди. Шу билан бирга, қурилиш ва қишлоқ хўжалигидаги барқарор ўсиш қисман саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ўсишнинг секинлашувини қоплади. Инвестициялар (асосан энергия ишлаб чиқариш, ўғитлар ва инфратузилмага) 9,4 фоизга ўсди.

Экспорт ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40,5 фоизга ўсди, бунинг натижасида олтин экспорти икки баравардан кўпроқ ўсди. Олтиндан ташқари экспорт ҳажми 22,5 фоизга юқорилаб, табиий газ, тўқимачилик, озиқ-овқат, машинасозлик, транспорт ва туризм ҳиссасига тўғри келди.

Импорт 27,4 фоизга ошди, чунки импорт қилинадиган озиқ-овқат ва энергия нархлари, шунингдек, ички талаб ҳам кўтарилди. Озиқ-овқат экспорти — 41 фоизга, машина ва ускуналар — 29 фоизга, хизматлар импорти эса — 65 фоизга ошган.

Валюта курси босими ва ноаниқ инфляция прогнозига жавобан, Марказий банк дастлаб асосий ставкани 17 фоизгача оширди. Июнь ва июль ойларида валюта курсининг барқарорлашиши, валюта оқимининг тикланиши ва ички депозитларнинг ўсиши Марказий банкга сиёсат ставкасини 15 фоизгача камайтириш имконини берди.

Маълумот учун, Марказий банк келгуси ойлар учун нархларнинг ўсишига таъсир қилувчи хатарларнинг сақланиб қолаётганини қайд этганди. Шунингдек, йил охирига қадар инфляция бўйича прознозлар ўзгаришсиз қолмоқда. Экспорт тушумлари ва пул ўтказмаларининг ортиши ички валюта бозорини мувозанатда ушлаб туриши кутилмоқда.

1-шаклда ишсизлик, ЯИМ даражаси ва инфляция, 2-шаклда камбағаллик, аҳоли жон бошига тушадиган даромад ҳажми ва кичик бизнес ривожи. Фото: Жаҳон банки.

Украинадаги уруш ортидан капитал ҳажмининг камайиши ва банкларнинг янада эҳтиёткор сиёсати кредит ўсишини 2022 йил июнь ойи охирида 2021 йилдаги 23 фоиздан 14 фоизгача секинлаштирди.

Ҳатарлар

2022 йилда Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари 5,3 фоиз дея прогноз қилинмоқда. Россияга қарши санкциялар билан боғлиқ логистик муаммоларнинг кучайиши хусусий истеъмол ўсишига тўсқинлик қилиши кутилмоқда. Хусусий инвестициялар ва экспорт ўсиши мумкин.

Шунингдек, жорий ҳисоб баланси яхшиланади, чунки Ўзбекистон хомашё нархлари ошиши (олтин, мис, табиий газ) ва пул ўтказмаларининг кўпайишидан фойда кўради. Жорий йилда тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми ўсиши кутилмайди, савдо тақчиллиги асосан давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.


2023 йилга қадар кутилаётган фискал консолидация энди кечиктирилиши кутилмоқда, чунки озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши ва Украинадаги уруш таъсирига жавобан мақсадли ижтимоий ҳимоя кучаймоқда. Ўсишнинг давом этиши ва кенгайтирилган ижтимоий ҳимоя дастурлари қашшоқликни камайтиришни таъминлаши кутилмоқда, бунда миллий қашшоқлик даражаси 2023 йилда 14,5 фоизга, 2024 йилда эса 12,2 фоизга тушиши кутилмоқда.

Шунга қарамай, келгуси йилларда даромадларни йўналтириш ва сарф-харажатлар самарадорлиги билан қўллаб-қувватланадиган харажатлар ўзаро мувофиқлиги қайта тикланиши прогноз қилинмоқда. Ҳукумат умумий қарз лимитларига риоя қилишни давом эттириши кутилмоқда, бунда давлат қарзи ва умумий ташқи қарз 2024 йил охиригача аста-секин ЯИМнинг 32 ва 55 фоизигача пасаяди.

Эслатиб ўтамиз, август бошида сенаторлар Давлат қарзи тўғрисидаги қонунни маъқуллаганди. Бунда кўрсаткичнинг максимал миқдори ЯИМга нисбатан 60 фоиз этиб белгиланмоқда. Давлат қарзи ҳисобидан фақат ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш мумкин. Уни самарали бошқариш учун эса уч йиллик стратегия ишлаб чиқилади.