АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда ўтган бир ярим йил давомида сил касаллигини даволаш учун олтита дори воситасини рўйхатдан ўтказишга кўмаклашди.

USAIDнинг техник ёрдами билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) нинг дори-дармонларни тезлаштирилган рўйхатга олиш тартибини (CRP-кооператив рўйхатга олиш тартиби) қабул қилди, бу Ўзбекистонда ушбу касаллик билан оғриган беморлар учун янги дори-дармонлардан тез ва хавфсиз фойдаланишни таъминлайди.

2021 йилда USAIDнинг техник ёрдами натижасида силни даволаш учун ЖССТ дастлабки квалификациясидан ўтган икки дори — циклосерин ва протионамид Ўзбекистонда CRP орқали рўйхатдан ўтган биринчи дорилар бўлди. Мамлакатда кўп дориларга чидамли сил билан касалланиш даражаси кўрсаткичи дунёда энг юқори ўринлардан бири саналгани сабабли ушбу икки препаратнинг рўйхатдан ўтиши Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этади. Циклосерин ва протионамид туберкулёзни даволаш учун иккинчи қатор дорилари сарасига кириб, силга қарши стандарт дорилар натижа бермайдиган беморларда қўлланилади.

2022 йилда силга қарши яна тўртта дори рўйхатдан ўтказилди. Булар рифампицин, изоназид, пиразинамид ва этамбутол гидрохлоридидир. Ҳозирда силга қарши ЖССТнинг дастлабки квалификациясидан ўтган яна еттита дори рўйхатдан ўтиш жараёнида.

Булар кўп компонентли Рифампин ва Изоназид 150 мг /75 мг, Рифампин ва Изоназид сувда эрувчан таблетка шакли 75 мг/50 мг, Изоназид, Рифампин, Рифампицин. Изониазид. Пиразинамид ва этамбутол гидрохлорид USP 150мг/75мг/400мг/275 мг ва этамбутол BP 400 мг.

«USAID Ўзбекистон ҳукуматининг силга қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашидан фахрланади. Ўзбекистонда силга қарши дориларни рўйхатга олишни тезлаштириш соғлиқни сақлаш тизимининг бошқа соҳаларига ҳам фойда келтиради ва хавфсиз ва самарали дори воситаларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради», — деди USAIDнинг Ўзбекистондаги Соғлиқни сақлаш идораси директори Черри Гумапас.

ЖССТнинг дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш тартиби мамлакатда ЖССТ маъқуллаган маҳсулотларини рўйхатдан ўтказишни ва беморлар ҳамда шифокорларнинг кафолатланган сифатли дори-дармонларни қўллашини тезлаштиради. Шунингдек, рўйхатдан ўтган дорилар, рўйхатдан ўтмаган фармацевтика препаратларидан фарқли равишда 15 фоиз ҚҚСдан озод этилади.