Марказий банк маълумотларига кўра, миллий валютадаги ўртача тортилган фоиз ставкалари кетма-кет учинчи ой пасаймоқда. Август ойи якуни бўйича бу кўрсаткич 22,2% ни ташкил этди.
Бу Марказий банкнинг апрель ойидаги асосий ставкани ошириши ортидан кейин қайд этилган минимал кўрсаткичдир.
Аҳоли учун кредитлар бўйича фоизлар ўртача 22,7% га камайди — бу охирги беш ой ичида энг паст даража. Шу билан бирга, бизнес кредитлари икки ойлик пасайишдан сўнг яна қимматлаша бошлади ва 21,9% ни қайд этди.
Қисқа муддатли кредитлар бўйича ставка (365 кунгача) июль ойида кескин пасайишдан кейин (22,4% дан 20,8% гача) 21,2% га етиб, яна ўсишни бошлади. Узоқ муддатли кредитлаш эса 22,5% га етди.
Имтиёзли кредитлар бўйича ўртача ставка ҳам 12,2% га кўтарилди. Имтиёзли қисқа муддатли кредитлар 0,4% га — 11,7% га қимматлашди, 3 йил ва ундан ортиқ муддатга бериладиган кредитлар бўйича фоизлар пасайди.
Уч ой давомида 6,7% даражасида сақланиб қолган хорижий валютадаги кредитлар бўйича ўртача фоиз август ойида бирданига 0,7% даражага кўтарилиб, 7,4% ни ташкил этди. Бу 2020 йил май ойидан (7,5%) бери энг юқори кўрсаткич.
Қисқа муддатли кредитлар бўйича ставкалар 0,4% га ошиб, 7,5% ни, узоқ муддатли кредитлар бўйича 0,9% га ошиб, 7,3% ни ташкил этди.
Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.
Август ойининг охирида президент Шавкат Мирзиёев кичик бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун 20 триллион сўм ажратилиши ва ўрта бизнесни кредитлаш учун 700 миллион доллар жалб этилишини маълум қилди. 1 октябрдан гаров сифатида муомаладаги товарлар, экспорт шартномалари, аккредитивлар ва келажакдаги тушумлардан фойдаланишга рухсат бериш режалаштирилган эди.