Сомон йўли галактикасининг массаси Қуёш массасидан тахминан 550 млрд марта катта. Мазкур натижа кўрсатилган тадқиқотлар Британиянинг Monhly Notices of Royal Astronomical Society илмий журналида чоп этилди.

Хитойнинг Санься ва Цзяотун университетлари, Хитой Фанлар академияси Миллий астрономик обсерваторияси ва Австралиядаги Суинберн технология университети олимлари галактика массаси ҳақидаги эски маълумотларни янгилашди. Илгари бошқа тадқиқотчилар Сомон йўли Қуёшдан қарийб 1 трлн марта оғирроқ эканлигини ҳисоблашганди. Ўз навбатида, Қуёшнинг массаси юлдузлар массасининг ўлчов бирлиги бўлиб, бутун қуёш тизими массасининг 99,86% ни ташкил қилади.

«Бизнинг сўнгги натижаларимиз шуни кўрсатадики, Сомон йўли биз ўйлагандан ҳам „нозикроқ“ бўлиши мумкин. Бу галактикада ёруғ бўлмаган, лекин тортишиш кучига эга қора материя илгари ўйланганидан анча кам эканини англатади», — деди Хитой Фанлар академияси Миллий астрономик обсерваторияси аъзоси Сюэ Сянсян.

Олимлар учун масса галактиканинг ҳаракати ва кенгайишини тушуниш учун жуда муҳим. Илгари кузатувлар чекланганлиги сабабли уни баҳолашда юқори ноаниқлик мавжуд эди. Хитойнинг Катта осмон ҳудуди кўп объектли толали спектроскопик телескопи Large Sky Area Multi-Object Fiber Spectroscopic Telescope (LAMOST) ва Европа космик агентлигининг Gaia сунъий йўлдошидан олинган янги маълумотлар галактика массасини аниқ ҳисоблаш имконини берди.

«Бизнинг янги тадқиқот намунамиз нафақат сони ва қамрови бўйича катта, балки Сомон йўлидаги ҳар бир юлдузнинг 3D ҳолатини, 3D тезлигини ва металл таркибини ҳам қамраб олади», — дея қўшимча қилди Сюэ Сянсян.