Президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигидаги ишлар ҳолати, аҳоли ҳаёти билан танишиш мақсадида 6 октябрь куни Сирдарё вилоятига борди, дея хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.

Давлат раҳбари Сирдарё туманидаги «Арслон бобо» ва «Омонбой ўғли Тугал» фермер хўжаликлари даласини кўздан кечирди.

Хусусан, «Арслон бобо» фермер хўжалигининг ер майдони 90 гектар бўлиб, бу йил ғалладан 80 центнердан ҳосил олинган. Шунингдек, картошка, мош, сабзи, пиёз каби такрорий экинлар ҳам етиштирилиб, бозорга қўшимча маҳсулот чиқарилмоқда. «Омонбой ўғли Тугал» фермер хўжалиги 62 гектарда деҳқончилик қилади. Бу ерда ҳам ғалла ҳосилдорлиги 80 центнер бўлган.

Бу қўшни хўжаликларда ерлар лазерли ускуна ёрдамида текислангани натижасида сув аввалгига нисбатан 30−40 фоиз тежалмоқда, суғориш вақти ҳам қисқарган. Насослар қуёш панеллари қувватида ишлайди. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида дала четларига тут, ток, қоратол ва бошқа кўчатлар экилган.

Шу ернинг ўзида сирдарёлик фермерлар, нуронийлар билан суҳбатлашилди.

«Ер — халқимиз ризқ-рўзи манбаи. Бир пайтлар пахта майдонидан бир гектар ажратиш жиноят эди, такрорий экин эккан таъқиб қилинарди. Мана, ҳозир 80 минг гектар пахта ва ғалла майдонларини аҳолига бердик, ҳали яна берамиз. Улардан олинган маҳсулот ҳам халқимизники-ку. Бозорга маҳсулот, оилаларга даромад бўлади-ку. Бугун республикадан келган раҳбарлар ва ҳокимлар яна 7,5 минг гектар ер ажратилса, Сирдарё вилоятида ишсизликни йўқ қилиш бўйича таклиф бераяпти. Мен буни, албатта, қўллаб-қувватладим» — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари шу ерда деҳқончилик қилаётган ёшлар билан ҳам суҳбатлашди. Улар мазкур фермер хўжаликлари даласидан 0,5 гектардан ер олиб, мош, сабзи, пиёз, саримсоқпиёз етиштираётганини сўзлаб беришди. Бундан олган даромади ҳисобидан университетда ўқиш, уйини бутлаш режаларини маълум қилишди.

Будан ташқари, президент Сайхунобод туманидаги «Шукроналик мўжизалари» фермер хўжалиги даласида ҳам бўлди. Хўжаликнинг умумий ер майдони 70 гектар. Бу фермер хўжалиги ҳам ғалладан бўшаган майдондан яхши даромад олади. Хусусан, бу йил 45 гектар майдонга такрорий экин сифатида мош экилган.

Шу ерда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари ва мутасаддилари билан мулоқот бўлди. Давлат раҳбари инновация ва нав эвазига ҳосилдорликни ошириш, сувдан оқилона фойдаланиш ва ҳисобини юритиш зарурлигини таъкидлади. Фермер ва ишчиларнинг маиший шароитларини яхшилаш, хусусан, улар учун кичик, арзон уйлар қуриш бўйича кўрсатма берилди.

Фото