4 октябрь куни Будапешт шаҳрида Венгрия Парламентининг биноси рўпарасидаги Лайош Кошут номидаги майдонда расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлиб турган президент Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар қилмоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Майдонда олий мартабали меҳмон шарафига пиёда ва отлиқ аскарлардан иборат фахрий қоровул саф тортди. Ҳарбий оркестр икки мамлакат давлат мадҳияларини ижро этди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Венгрия президенти Каталин Новак расмий делегациялар аъзоларини қутлади.

Маросим якунида фахрий қоровул тантанали равишда саф тортиб ўтди.

Шунингдек, давлат раҳбари расмий ташрифи доирасида Будапешт шаҳрининг Қаҳрамонлар майдонидаги хотира устуни пойига гулчамбар қўйди. Венгрия давлатчилигини барпо этишга ҳисса қўшган буюк арбоблар хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Маросим фахрий қоровул хизматчилари иштирокида, ҳарбий оркестр садолари остида ўтди.

Ушбу маскан Будапештнинг бош майдонларидан бири бўлиб, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Майдон марказида Мингйиллик устуни қад ростлаган, унинг пойида можар қабилаларининг 7 нафар бошлиғи ҳайкаллари ўрнатилган. Ушбу ёдгорлик венгерларнинг бугунги ватанини топиши ва Венгрия қироллигига асос солинишига бағишланган.

Мажмуада венгер халқининг атоқли намояндалари ҳайкалларидан иборат иккита колоннада жойлашган. Ёдгорликнинг олд томонида Венгрия қаҳрамонлари шарафига хотира тоштахтаси ўрнатилган.

Фото: