28 сентябрь куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) кўмагида ташкил этилган матбуот анжуманида бачадон бўйни саратони скрининги учун одам папиллома вируси (ОПВ) тестини ўтказиш бўйича пилот лойиҳа натижалари кўриб чиқилди.

Бачадон бўйни саратони Ўзбекистонда 15 ёшдан 45 ёшгача бўлган аёллар орасида саратон касаллигидан ўлим ҳолатлари бўйича иккинчи ўринда туради. 2020 йилда касаллик 1650 та янги ҳолат ва 1000 кишининг ўлимига сабаб бўлди. Вақт ўтиши билан касалланиш ва ўлим кўрсаткичларини таҳлил қилиш уларнинг барқарор ўсиб бораётганини кўрсатди. Бу рақамлар 2030 йилга бориб йилига 2100 та янги ҳолат ва 1300 ўлимга етиши кутилмоқда.

Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда ўтказилаётган бачадон бўйни скрининги касалланиш даражасини аниқлаш ва таснифлаш усулларида стандартларнинг йўқлиги сабабли наф бераётгани йўқ. Натижада минглаб аёллар ҳозирги вақтда тўлиқ олдини олиш мумкин бўлган саратон касаллигидан вафот этмоқда.

Бачадон бўйни саратони ўсишига қарши курашиш ва ўлим даражасини пасайтириш мақсадида 2021 йилнинг баҳорида «Бачадон бўйни саратонини эрта аниқлаш учун ОПВ тести» синов лойиҳаси ишга туширилди. Эрта ташхис қўйилганда, тўғри даволаш орқали беморларнинг 100% шифо топишига эришиш мумкин.

Январь ойида Япония ҳукумати кўмагида 8 та ускуна ва 50 минг дона ОПВ тести харид қилиниб, Қорақалпоғистондаги туман кўп тармоқли поликлиникаларига юборилди.

ЮНФПА кўмагида Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида скрининг текширувлари учун қўшимча 2 та машина ва 6000 та тест харид қилинди. Лойиҳа давомида аниқланган бачадон бўйни яллиғланиши билан оғриган беморларни даволаш мақсадида шаҳар учун учта радиокоагуляция жиҳози сотиб олинди.

2021 йил 1 апрелдан 2022 йил 30 апрелгача Қорақалпоғистоннинг 11 та поликлиникаси ва Чирчиқ шаҳридаги 4 та поликлиникада синов лойиҳа амалга оширилди.

Лойиҳа доирасида Қорақалпоғистонда 45 нафар гинеколог, 150 нафар оилавий шифокор, 270 нафар патронаж ҳамшира ва 77 нафар бирламчи тиббий-санитария ёрдами ходимлари 30 ёшдан 55 ёшгача бўлган 50 минг нафар аёл ўртасида ОПВ тестини ўтказиш бўйича ўқитилди. Машғулотлар Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий маркази мутахассислари томонидан олиб борилди.

Лойиҳа бўйича ишлар давомида 49140 та (98%) тест ўтказилди, шундан 3290 таси (6,7%) организмда вирус мавжудлигини кўрсатиб, ижобий натижа берди. Паталогия аниқланган барча беморлар тор мутахассисларнинг маслаҳати ва даволанишига юборилди. Жумладан, ОПВ мусбат мақомига эга 759 нафар (23%) аёл онкология марказларига даволаниш учун юборилган бўлиб, улардан 9 нафари (1,2%) бачадон бўйни саратони бўйича жарроҳлик муолажасидан ўтган. Бачадон бўйнида минимал зарарланиш кузатилган ОПВ-мусбатли 237 нафар аёлга (31 фоиз) нисбатан эса шифохоналарда термоабляция ёки радиотўлқинли коагуляция даволаш чоралари кўрилди.

Синов лойиҳа натижалари онкоген хавфи баланд бўлган ОПВ-тестини ўтказишга асосланган юқори самарали скрининг дастурини жорий этиш зарурлигини кўрсатди. Синов дастурини амалга ошириш жараёнида олинган барча натижалар Саратон, жумладан, бачадон бўйни саратони профилактикаси бўйича Миллий стратегияни ишлаб чиқиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда тўққиз ёшли қизларни ОПВга қарши эмлаш дастури муваффақиятли амалга оширилди, 2020 йилда қамров 99 фоизни ташкил этади. Бироқ эмланганлар сони хавф остида бўлган аҳолининг катта қисмини ташкил қилмагунча, бу эмлашнинг тўлиқ фойдалари кўринмайди.