Устоз, мураббий, ўқитувчи дея таъриф этилган инсонларнинг меҳнати игна билан қудуқ қазишга қиёсланиши бежиз эмас. Улар машаққатли ва шарафли касби орқали жамиятнинг келажаги ва ишончи бўлган ёш авлодга таълим бериб, тарбиялайди. Бу эса катта билим ва сабр талаб этади, уларнинг меҳнати эса бир неча ўн йиллаб ўтгач ўз мевасини бера бошлайди.

«Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами арафасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг мактаб ҳамда институтдаги ўқитувчилари билан суҳбатлашиб, улар билан бирга тарих зарварақларидан жой олган кунларни ёдга олди.

«У доимо синфдошларини бирлаштира оларди»

Ларина Пак 1949 йили Туркманистон Республикасининг Тошовуз вилоятидаги Тахта туманида туғилган. 1967−1971 йилларда Украинадаги Житомир давлат педагогика институтида таҳсил олган. 1971 йилдан бери Зомин туманидаги 60-умумий ўрта таълим мактабида инглиз тили фанидан ёш авлодга сабоқ бериб келмоқда. 2017 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» унвони билан тақдирланган.


73 ёшли Ларина Пакнинг айтишича, Шавкат Мирзиёев мактаб даврида стол теннисига жуда қизиққан, фаол ўқувчилардан бири бўлган.

«Институтни битиргач, шу мактабда ишлай бошладим. Шавкат Мирзиёев ўқувчилик йилларида жуда фаол, ҳаракатчан эди. Доимо синфдошларини бирлаштира оларди, ҳаммага ёрдам берарди. Агар кимгадир кўмак кераклигидан хабар топса, ёрдам қўлини чўзарди. Шунинг учун ҳам у бир неча йил комсомол етакчиси бўлган. Шавкат стол теннисини яхши кўрар, ҳамиша портфелида теннис ракеткасини олиб юрарди. Тиббиёт ҳамда технологияларга ҳам қизиқиши баланд эди. Ўша вақтлардаёқ келажакда мазкур икки соҳадан бирининг бошини тутса керак, деб ўйлардим», — деди у.


Таъкидланишича, давлат раҳбари ўқиган синф ўқувчилари ҳар жабҳада илғор ҳисобланган.

«Синглим ҳам Шавкат билан бирга ўқиган. Синф аълочилардан иборат эди, дарсларга ҳар сафар тайёр ҳолда келишарди. Доим биринчилар сафида туришга интилишган. Улар спортда ҳам фаол эди. Катта танаффусда ўғил болалар ва қизлар биргаликда футбол ўйнашарди. Агар қизлар жамоаси ютса, болалар мукофот сифатида уларни тушлик билан меҳмон қиларди (кулади). Жамоа сифатида спорт мусобақаларининг вилоят босқичида қатнашиб, туманимиз шаънини ҳимоя қилишарди», — деди Ларина Пак.


«Телевизорда кўрганимда, ғурурланаман»

Унинг қайд этишича, Шавкат Мирзиёев инглиз тили фанидан яхши ўқишга ҳаракат қилган. Бироқ комсомол етакчиси бўлгани туфайли уни тез-тез турли тадбирларга, ҳокимиятга чақиришгани боис дарсларда мунтазам иштирок этолмаган.

«Шундай бўлишига қарамай, вазифаларни вақтида бажарарди. Менинг фанимдан ёмон баҳо олмаган, „4−5“ баҳоларга ўқиган. 2017 йили Тошкентда кўксимга унвон тақаётган вақтида ўқувчилик даврларини эслаб, „Ларина Михайловна, сиз ҳар доим инглиз тилидан фақат „5“ га ўқиш лозим, бу тил келажакда жуда керак бўлади, дер эдингиз. Афсуски, мен инглиз тилидан „5“ баҳога ўқимасдим ва бундан афсусдаман“, деди. Мен эса унга „Ахир инглиз тилини биласан-ку“, десам, „Ҳа, лекин бундан ҳам яҳшироқ билишим керак“, дея жавоб қайтарди. Ўшандаги хурсандчилигимни сўз билан ифодалаб бера олмайман…», — деди педагог.

Шавкат Мирзиёевнинг ўқувчилик йиллари.


Ларина Пак бугунги кунда ҳам педагоглик фаолиятини давом эттирмоқда. У рус тили синфларидаги ўқувчиларга инглиз тилидан таълим беради.

«Кўп йиллар мобайнида бир пайтда учта таълим муассасида ишладим. Ҳозир эса фақат 60-умумий ўрта таълим мактабида дарс бераяпман. 1950 йилларда бу муассаса жойлашган ер чўл эди. Шу атрофда аэропорт ҳам бўларди, Тошкентга парвоз қиларди. Кейинчалик Пахтакор туманига (Пахтакор аэродроми — таҳр.) кўчирилган. Мактаб ҳам ўша йилларда қурилган. Ушбу таълим маскани уйимга жуда ҳам яқин. Ёшлар даврасида бўлсам, зерикмайман, улардан куч оламан. Туманимиз ва мактабимиздан мамлакат ривожига ҳисса қўшадиган шахслар етишиб чиқаётгани биз учун қувонарли. Биргина мисол, Шавкат Мирзиёевни ҳар сафар телевизорда кўрганимда, ғурур туяман, ўқитувчилик касбини танлаганимдан фахрланаман!», — деди у.


Шавкат Мирзиёев таҳсил олган 60-умумий ўрта таълим мактаби 2019 йили қайта таъмирланиб, замонавий қиёфага кирди.

2020 йили эса мазкур таълим масканида мактаб тарихи музейи ташкил этилди. Бу ерда муассаса тарихи, ўқитувчилар фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи кўплаб фотосуратлар мавжуд. Улар орасида Шавкат Мирзиёевнинг ўқувчилик даврида тушган суратларини ҳам учратиш мумкин.

«Замонга мослашишга мажбурман»

Асил Камилов 1942 йил Тошкент вилоятининг Қибрай туманида туғилган. 1964−1969 йилларда ҳозирги «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» миллий тадқиқот университетида ўқиган. 1977−1980 йиллар Ленинград қишлоқ хўжалиги институти аспирантурасида таҳсил олган. 1969 йилдан бери Тракторлар ва автомобиллар кафедрасида фаолият юритади. 2017 йили «Меҳнат шуҳрати» орденига сазовор бўлган.


53 йилдирки, Тракторлар ва автомобиллар кафедрасида ишлаётган Асил Камилов 80 ёшида ҳам дарсларга тайёрланиб киришини, замонга мослашишга мажбурлигини қайд этди.

«1969 йили мазкур институтни битирган бўлсам, шунча вақтдан бери талабалар билан биргаман. Ўқитувчи аввало, касбини севиши керак. Шундагина ўқувчиларига пухта билим беради. Ўз устида ишлаган ва изланган педагог шогирдларини ортидан эргаштира олади. Бугунги кунда ўқитувчи фанига оид китобларни ўқишдан ташқари, интернет маълумотларидан ҳам фойдаланиб, машғулотларга тайёр бўлиб кириши лозим. Шу ёшимда замонга мослашишга мажбурман. 30, 40 йил аввалги конспектимни кўтариб кирсам, талабалар кулиши мумкин. Замонавий қурилмаларни унчалик тушунмасам-да, невараларим ёрдами билан интернетдан зарур маълумотларни оламан, янгиликларни кузатиб бораман. Фақат китоблар билан чекланиб қолмасликка ҳаракат қиламан», — деди Асил Камилов.

Шавкат Мирзиёевнинг талабалик йилларидан кадр.

Унинг айтишича, президент талабалик пайтлари жуда фаол ва серғайрат йигит бўлган.

«1978−1979 йилларда Шавкат Мирзиёевнинг курсига дарс ўтганман. У институтни битирганидан сўнг 10 йил биз билан бирга турли лавозимларда ишлади, илмий иш ёзиб, номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Кейинчалик Мирзо Улуғбек тумани, Жиззах ва Самарқанд вилоятларини бошқарди. Лекин вақти келиб, президент бўлади, деб ҳеч ўйламаганман», — дейди педагог.

«Бош вазирлик даврида ҳам кўчада кўриб қолса, хол-аҳвол сўрарди»

Асил Камиловнинг ҳикоя қилишича, Шавкат Мирзиёев ҳоким ва ҳукумат раҳбари бўлиб ишлаган даврларида курсдошлари билан ўтказилган юбилей учрашувларда ҳар доим қатнашган, мазкур тадбирларга институтдаги энг яқин ўқитувчилари ҳам таклиф этилган.


«Бош вазирлик пайтида кўча-кўйларда кўриб қолса ҳам албатта, ёнимга келарди, хурсанд бўлардим. Бир куни Юнусободдаги Уч қаҳрамонда пиёда кетаётсам, кўчанинг нариги юзида машина тўхтаб, ичидан Шавкат Мирзиёев тушди ва катта йўлни кесиб, олдимга келди. Бироз суҳбатлашдик, ҳол-аҳвол сўради. Олдидаги формали амалдор кишига қараб, „Ҳозир сизга йўлдаги масжидни кўрсатиб, шуни орқасида бир устозим яшайди, дегандим. Ўша ўқитувчим мана шу инсон бўлади“, деди. Мен эса жуда ҳам фахрланиб кетдим. У пайтда ҳукуматни бошқарарди. 2017 йили ўзи „Меҳнат шуҳрати“ орденига муносиб кўриб, кўксимга тақиб қўйди. Бу мен учун катта совға бўлган», — дея эслади педагог.


Асил Камилов ўқитувчилик касбидан фахрланишини таъкидлади.

«Ҳар йили 1-октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар кунида собиқ ва ҳозирги талабаларимдан телефонимга кўплаб қўнғироқлар бўлади, SMS қутловлар келади. Касб байрамини ҳар йили шундай анъана билан ўтказаман. Ўзбекистоннинг қаерига борсам, албатта, бирор талабам йўқлаб келади. Мана шундай пайтларда касбни тўғри танлаганимдан қувонаман!», — деди у.

«Оёқда тик туриб, дарс ўтишга ҳаракат қиламан»

Муҳайё Шоумарова 1939 йили Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1956−1961 йилларда ҳозирги «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» миллий тадқиқот университетининг Қишлоқ хўжалигини механизациялаш факультетида ўқиган. 1971 йил номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган, 2009 йили унга профессор илмий унвонини қўлга киритган. 2020 йили «Меҳнат шуҳрати» орденига муносиб кўрилган.

Профессор Муҳайё Шоумарова нима учун айнан техника бўйича мутахассис бўлгани ҳақида гапираркан, дадаси бир умр ҳайдовчилик қилгани ва оилавий муҳит сабаб шу соҳани танлаганини айтди.


«Отам машинасини тузатаётганида ҳар доим атрофида ўралашиб юрардим. Мактабда меҳнат фанидан трактор ҳайдардик. Техникумда ҳам ўқитувчимиз Сирожиддинов кўмагида тракторни ёйиб, қайтадан йиғиб чиқардик. Амалиёт дарслари қизиқарли кечарди. Мана шундай муҳит туфайли техника соҳаси бўйича ўқидим. 1961 йили ушбу институтнинг Қишлоқ хўжалигини механизациялаш факультетини тамомлагач, бир неча йил шу ерда ўқитувчи бўлиб ишладим. Кейинроқ илмий иш билан шуғулланиш мақсадида Ўзбекистон Фанлар академиясининг Механика институтида таниқли олимлар қўл остида инженер, кичик ва катта илмий ходим сифатида фаолият юритдим. Бу вақт оралиғида диссертация ҳимоя қилиб, техника фанлари номзоди бўлдим», — деди у.


49 йиллик тажрибага эга профессорнинг қайд этишича, у ҳалигача ҳар бир дарсга алоҳида тайёрланади.

«Агар ўқитувчи дарс беришда фаол бўлмаса, ўқувчиларда қизиқиш уйғота олмайди, ўзидаги билимларни уларга етказиб беролмайди. Ҳозирги кунда институтимизга чет элдан кўплаб замонавий техникалар келяпти. Уларни нафақат тузилиши, қандай созланиши, балки назарий томонлама ҳам талабаларга пухта тушунтирамиз. Чунки биз қишлоқ хўжалигини механизациялаш бўйича кадрлар етиштирамиз. Олий ўқув юртини битирганлар машиналарни яхши ишлата билиши, тушуниши керак», — деди Муҳайё Шоумарова.

«Ўзига нисбатан тартибли талаба эди»

Унинг эслашича, Шавкат Мирзиёев нафақат фаоллиги, балки ташқи кўриниши билан ҳам курсдошларидан ажралиб турган.

Шавкат Мирзиёевнинг талабалик йиллари.

«1978 йили ҳозирги Тошкент трактор заводида иккинчи босқични тамомлаган талабаларга машиналар технологияси бўйича амалиёт раҳбари бўлганман. Ёшлар орасида Шавкат Мирзиёев ҳам бор эди. У ўша пайтда кўзимга шунақа бир ёқимтой йигит бўлиб кўринганки, ўзига нисбатан эътиборли ва тартибли эди. Кийиниши, соч турмаги, юриш-туриши, хулқ-атвори билан курсдошларига намуна бўлган. Амалиёт даврида жуда фаол бўлишга интиларди. Курсдошларини амалиёт жараёнларига вақтида бориб келиши, уларни заводда тартибли юриши, техника хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этишини назорат қиларди. Ёрдамчи сифатида доим бизнинг ёнимизда юрган. Ана шу йиллардан буён бу кишини жуда яхши танийман», — деди профессор.

Фото: Муҳайё Шоумарованинг шахсий архивидан.


Муҳайё Шоумарова Ўзбекистонни бошқариш даражасига етган талабаси устозларини ҳар доим ҳурмат қилгани, уларнинг фикр ва таклифларини эшитиб, қадрлаганини таъкидлади.

«Вақт ўтиб, институтда биз билан бир сафда фаолият юритди, илмий иш ёқлаб, техника фанлари номзоди илмий унвонини олди. Аммо уни қачонлардир давлат раҳбари лавозимида ишлашини тасаввур ҳам қилмаганман. Шундай инсонга ўз вақтида таълим берганим ва бирга ишлаганимдан ўзимни баҳтли ҳис этаман. 2020 йили „Меҳнат шуҳрати“ ордени билан тақдирландим. Юксак мукофотни собиқ ўқувчимнинг қўлидан олаётганимда, „Опа, берган таълим ва тарбиянгизга мингдан-минг раҳмат“, деб миннатдорчилик билдирди. Бундан чексиз севиндим», — деди у.