Шавкат Зайниддинов Сирдарё вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди, дея хабар қилмоқда ЎзА.

Шавкат Зайниддинов. Фото: Ёшлар Иттифоқи.

Тайинловга қадар у Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси лавозимида ишлаган.

Шунингдек, Баҳодир Ботиров Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари — инвестиция ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Баҳодир Ботиров. Фото: ЎзА

Тайинловга қадар у Гулистон тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Бундан ташқари, Сирдарё вилояти Янгиер шаҳри ҳокими лавозимига Отабек Носиров тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Отабек Носиров. Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги.

О.Носиров 1976 йилда туғилган, маълумоти олий. 1999 йилда Жиззах политехника институтини, 2007 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

«Отабек Носиров вилоят ҳокими ўринбосари сифатида фаолият юритган даврида бир қатор ижобий ишлар амалга оширди. Тўплаган иш тажрибаси орқали Янгиер шаҳрининг драйвер йўналишларини яхши билади, шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича астойдил меҳнат қилади деган умиддамиз», — дея ишонч билдирди вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев.