ЖССТ маълумотларига кўра, ҳозир дунё бўйича 12−35 ёш оралиғидаги 1 млрддан ортиқ ёш авлод эшитиш қобилиятини йўқотиш хавфи остида. Ўзбекистон ССВ «Газета.uz»га маълум қилишича, бунга айнан тўй-томошалар, кўнгилочар тадбирларда баланд овозда мусиқа эшитиш сабаб бўлмоқда.

Олий тоифали шифокор Шоира Абдусатторованинг сўзларига кўра, узоқ муддат юқори даражадаги товуш таъсири остида бўлиш эшитиш қобилияти пасайтиради.

Масалан, ҳозирги замонавий мусиқа ишқибози бўлган ёшларнинг 20 фоизида эшитиш қобилияти 85 ёшли кексалар даражасига тенглашиб қолган, деди у.

Шовқин «децибелл» (дБ) бирлиги ёрдамида ўлчанади. Одатда, 20−30 дБ шовқин инсон саломатлиги учун зарарсиз. Бироқ 80 дБ ва ундан юқори ўлчов баланд товуш ҳисобланади.

30 дБдан ортиқ шовқин эса соғлиқни издан чиқаришга қодир. 150 дБ чидаб бўлмайдиган даражада оғриқ пайдо қилса, 180 дБ даражадаги шовқин ҳатто металл буюмларни ҳам мўртлаштира олади. ️Шу сабабли Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўртача шовқиннинг максимал даражаси 100 дБдан ошмаслиги кераклигини айтган.

Вазирликнинг «Газета.uz»га маълум қилишича:

  • тўй ва концертларда товуш баландлигининг меъёри энг юқори 110 дБгача хисобланади, лекин товуш узоқ муддат 110−120 дБдан ошса кучли бош оғриғи, кўнгил айниш ва бош мия ички босимини ошишига олиб келади.
  • Санитария қоидалари ва меъёрлари нормативларига кўра кўчаларда кундузги шовқин 55 дБдан, тунги шовқин эса 40 дБдан ошмаслиги керак.
  • Қурилиш меъёрларига биноан энг юқори кўрсаткич 100 дБдан ошмаслиги кераклиги белгиланган.
  • Кўчадаги машиналар шовқини 80 дБни ташкил этиши лозим. Ушбу меъёрлар ҳам бузилганда инсон саломатлигига жиддий зарар етказади.

Масалан, хафақон касаллигига учраган беморларни қон босими ошишига, кучли бош оғриғига олиб келади.

Қолаверса, баланд товуш кўз равшанлиги ва унинг рефлектив фаолиятини пасайтириши ҳам аниқланган. Юқори частотали шовқин асаб тизимининг зўриқишига олиб келади. Оқибатда инсон толиқади ва нохуш кайфиятда бўлади. Бора-бора юракнинг фаолияти ҳам бузилади. Бу юрак-қон томир касалликлари, гипертензия ва ҳатто миокард инфарктини келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли шовқин инсон умрини қисқартирувчи омил сифатида баҳоланади.

Бундан ташқари, ёшлар шахсий аудиоқурилмалардан фойдаланганда ҳам овоз баландлигини имкон қадар чеклашлари зарур. Қулоқчинларнинг максимал товуши 95−120 дБгача кўтарилади. Лекин энг оптимал ва инсон саломатлигига зарар етказмайдиган товуш баландлиги 85−95 децибелгача бўлиши керак. Сабаби 100 дБдан ошган товушлар узоқ вақт эшитилганда инсон соғлиғига салбий зарар етказиши мумкин.

Шу сабабли, қулоқчинларни фақат ўта зарур ҳолатдагина ишлатиш тавия қилинади.