Шавкат Мирзиёев расилигида 19 сентябрь куни ўтказилган йиғилишда Фарғона водийсидан Тошкент шаҳри ҳамда бошқа вилоят марказларига темир йўллар сони ва сифати талаб даражасида эмаслиги танқид қилинганди. Мутасаддиларга водий вилоятлари марказларидан Тошкент, Нукус, Бухоро, Қарши, Термиз ва Урганч шаҳарларига темир йўл қатновларини 2 баравар кўпайтириш топшириғи берилганди.

«Ўзтемирйўловчи» матбуот хизматининг маълум қилишича, президент топшириғини бажариш мақсадида қўшимча 651/652-сонли «Андижон — Хива — Андижон» йўловчи поезди қатнови 28 сентябрдан йўлга қўйилди.

Шунингдек, 29 сентябридан бошлаб ҳафтанинг ҳар пайшанба куни Андижондан ҳаракатланаётган «Андижон — Бухоро» йўловчи поездининг ҳаракат йўналиши Ургенч бекатигача узайтирилди.

Хабарга кўра, йўловчи поездлар қуйидаги жадвал асосида ҳаракатланади:

  • «Андижон — Хива — Андижон» йўловчи поезди 28 сентябрь ҳафтанинг чоршанба кунидан бошлаб Андижондан, 29-сентябрь ҳафтанинг пайшанба кунидан бошлаб Хивадан жўнайди;
  • «Андижон — Урганч — Андижон» йўловчи поезди ҳаракати 29 сентябрдан ҳафтанинг пайшанба куни Андижондан ва ҳафтанинг жума кунидан бошлаб Урганч бекатидан ҳаракатланади.

«Қўшимча маълумотни Тошкент шаҳридаги 1005 қисқа телефон рақами, joylardagi темир йўл кассалри ҳамда маълумотлар бюросидан билиб олишингиз мумкин», — дейилади хабарда.