Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон темир йўллари» раиси Ҳуснутдин Ҳосиловни 3 ойда ўз тизимида ўзгариш қилмаса, ишдан олиниши ҳақида огоҳлантирди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев расилигида ўтказилган туризм соҳасини ривожлантириш бўйича йиғилишда «Тошкент — Самарқанд» ва «Тошкент — Андижон» йўналишларида автомобилда йўловчи ташиш вақти ўртача 1−1,5 соатга кўпайганлиги айтилди. Лекин темир йўл ва авиа қатновлар сони ва сифати талаб даражасида эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Шу боис тегишли мутасаддиларга қуйидаги топшириқлар берилди:

  • водий вилоятларидан Тошкент, Нукус, Бухоро, Урганч шаҳарларига ҳар куни авиарейсларни йўлга қўйиш;
  • вилоят марказларидан Тошкент, Нукус, Бухоро, Қарши, Термиз ва Урганч шаҳарларига авиа ва темир йўл қатновларини 2 баравар кўпайтириш;
  • камида 500 та эски типдаги вагонларни келгуси икки йилда реконструкция қилиш бўйича алоҳида дастур қабул қилиш.

Шунингдек, вилоятлар ҳудудидаги конгрес-холл, саройлар, меҳмонхоналар инфратузилмасидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш вазифаси топширилди.

Бундан ташқари, швейцариялик мутахассислар билан бирга Бухоро, Зомин ва Бўстонлиқ туризм коллежларида меҳмонхона бошқаруви, сервис ва бошқа йўналишларда янги ўқув дастурлари асосида ўқитишни бошлаш ҳамда «Ипак йўли» туризм университетида меҳмонхона ва сервис соҳасида ўрта бўғин ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлаб, йилига камида 1 минг нафар ёшларни ўқитиш топширилди.