Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида фуқаро ўзининг жиноий шериклари билан «Ёшлар меҳнат гузари ишлаб чиқариш цехлари» мажмуасини қуриш учун ажратилган ернинг бир қисмини ноқонуний сотиб юборишда гумонланмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.

Аниқланишича, 2019 йилда Янгийўл туман ҳокимлиги М.Б.нинг номига тенг шерикчилик асосида «Ёшлар меҳнат гузари ишлаб чиқариш цехлари» мажмуасини қуришга туманнинг «Чортоқ» маҳалласидан 2,0 гектар ер майдони ажратиб берган.

С.Х. фуқаро М.Б. билан ернинг 1 гектарини 400 минг АҚШ доллари эвазига сотишга келишган. Ундан ўзаро келишилган пулларнинг 30 минг долларини олаётган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан Янгийўл туман прокуратураси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва бошқа моддалар билан жиноят иши қўзғатди. Ҳозир дастлабки тергов ҳаракатлари кетяпти.