Фарҳона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона шаҳридаги ўрганишлари давомида механика заводи ҳудудида жойлашган кичик саноат зонасидаги Central Asia Motors корхонасида бўлди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Корхонада 2021−2022 йилларда босқичма-босқич амалга оширилиши кўзда тутилган электромобиллар учун эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳамда енгил ва юк электромобилларини ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича қилинган ишлар кўздан кечирилди.

«5 млн доллар тадбиркорнинг ўз маблағлари, 5 млн доллар банк кредити ҳамда 40 млн доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобига жами 50 млн доллар сарфланиши кўзда тутилган ушбу лойиҳа тўлиқ якунланса, 350 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, йиллик 10 минг дона электромобиль ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва унинг 40 фоизи экспортга йўналтирилади. Шунингдек, электромобиллар учун кузов, заряд станцияси ва аккумулятор эҳтиёт қисмлари маҳаллийлаштирилади.

Корхона бош директори Баҳодир Аҳмедов вилоят раҳбарига электромобиллар ишлаб чиқариш жараёнлари жорий йил якунига қадар бошланишини маълум қилди.