Вазирлар Маҳкамасининг 23 сентябрдаги «Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини 2022/2023 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, ҳокимликлар, ваколатли вазирлик ва идоралар куз-қиш мавсумига тайёргарликни қуйидагилардан бошлашлари лозим:

  • олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларни ҳамда табиий офатлар туфайли йўллар талофат кўриши эҳтимоли мавжуд қишлоқ ва овулларга кўмир ва суюлтирилган газни етказиб бериш ҳамда 15−20 кунга етадиган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратиш;
  • «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар»га киритилган оилаларга кўмир ва суюлтирилган газни ўз вақтида етказиб бериш ҳамда болаларни иссиқ кийим-кечак билан таъминлаш;
  • барча ҳудудларда мақбул нархларда озиқ-овқат ярмаркаларини ташкил этиш.

Шунингдек, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига ҳокимликлар билан биргаликда маҳаллий бюджетлар ва қўшимча манбалар ҳисобидан кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлардаги жамоат ҳожатхоналарини ободонлаштириш бўйича топшириқ ижросини таъминлаш топширилди.

Ҳужжат билан электр, газ, сув таъминоти, иссиқлик энергияси, кўмир, суюлтирилган газ ва бошқалар билан таъминлашни назарда тутувчи иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар тасдиқланди. Ушбу вазифаларни бажариш учун 1,99 трлн сўм (шундан, давлат бюджети ҳисобидан атиги 10,6 млрд сўм, маҳаллий бюджетлар ва қўшимча манбалар ҳисобидан 326 млрд сўм, ташкилотлар ва аҳоли маблағлари ҳисобидан 1,57 млрд, ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 10,1 млрд сўм) маблағ ва 71,68 млрд сўм бошқа манбалардан йўналтириш режалаштирилган).

Ҳафта давомида туманлар «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга бўлинади.

Қарор билан иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани куз-қиш мавсумида барқарор ишлашга тайёрлашни мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси тузилди. Унга бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлик қилади. Ҳудудий комиссияларга ҳокимнинг қурилиш ишлари бўйича ўринбосарлари бошчилик қилади.