Президент Шавкат Мирзиёев 23 сентябр куни Тошкентда бир қатор объектларнинг қурилиши лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Хусусан, 2025 йилда Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларига мезбонлик қиладиган Олимпия шаҳарчаси бўйича таклифларни кўриб чиқди. Шаҳарчада олимпия стадиони, ёпиқ спорт мажмуалари, сув спорти саройи, машғулот майдончалари, эшкак эшиш ҳавзаси барпо этилади (фото).

Аввалги тақдимотда президент бу спорт мажмуалари «халқимизга мулк бўлиб қолишини, уларни сифатли қилиб қуриш зарурлигини» айтган эди. Лойиҳалаш ва кейинчалик қурилиш жараёнларига соҳада катта тажрибага эга чет эл компаниялари жалб этилади.

Давлат раҳбари спорт мажмуаларининг универсал бўлиши муҳимлигини таъкидлади. Стадион ва биноларнинг тепасида қуёш панеллари ўрнатиб, энергияни тежаш, бўш майдонларда кўпроқ дарахтлар экиш бўйича тавсиялар берди.


Тақдимот давомида Янги Ўзбекистон университети лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Бунинг учун Мирзо Улуғбек туманидан жой ажратилиб, ўқув бинолари, маъмурият, ўқитувчилар ва талабалар учун ётоқхоналар, ошхона, кутубхона, лаборатория, спорт мажмуаси қурилиши лойиҳалаштирилган.

Ҳозир бу ҳудудда президент мактаби бор. Келгусида президент таълим муассасалари агентлиги ҳам шу ерда жойлашади. Шу тариқа, ҳудуд таълимга ихтисослашган яхлит мажмуа бўлади.

«Ихтисослаштирилган мактаблар — бизнинг заминимиз. Уларда болаларимиз билимли, баркамол бўлиб вояга етади. Университет бу тизимнинг давоми бўлиб, мамлакатимиз учун керакли, замонавий мутахассислар тайёрлайди. Шунинг учун бу ерда барча шарт-шароит, илғор методика бўлиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент таълим муассасалари агентлиги директори Ҳилола Умаров «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида Германиянинг Siemens, MAN компаниялари университетда ўз йўналишлари бўйича лабораториялар, Google и Microsoft компаниялари эса ахборот технологиялари бўйича кичик лабораториялар очишни режалаштираётганини айтганди.

Унинг сўзларига кўра, Шавкат Мирзиёев қурилиш жараёнида «ақлли бино» тизимини жорий этиш бўйича кўрсатмалар бериб, ўқув хоналари, лабораторияларни тўғри жойлаштириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун қулай шароит яратиш вазифасини қўйган.

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Янги Ўзбекистон университети нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ҳам намунали таълим муассасасига айланади, деб ҳисоблади.

«[Президент] лойиҳа ва қурилиш ишларини келаси ҳафтадан бошлаш бўйича топшириқ берди. Танлов асосида йирик лойиҳаларни амалга оширган ва дунёда ўз салоҳиятига эга, президент истагандек университет қуришга қодир тажрибали компаниялар танлаб олинади», — деди у.

Ҳоким замонавий таълим тизимини жорий этиш мақсадида Германия, Сингапур, Туркия каби 10 дан ортиқ давлат тажрибаси ўрганилганини айтди. Давлат раҳбари бунёдкорлик ишларига кўпроқ маҳаллий қурувчиларни жалб этиш зарурлигини таъкидлади.

Болалар тиббиёт маркази

Шавкат Мирзиёев Тошкентда тиббиёт кластерини ташкил этиш лойиҳасини ҳам муҳокама қилди. Корея иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) кўмагида катталар тиббий маркази, онкология клиникаси ва университет қуриш режалаштирилган.

Бу учта мажмуа ҳозирги Болалар тиббиёт маркази билан бирга яхлит кластер ҳосил қилади. Унда ўқитиш ва даволаш бўйича Корея тажрибасига асосланган илғор тизим йўлга қўйилади.

Шифохоналар жами 900 бемор ўрнига эга бўлади. Қурилиш ишлари 2023 йилда бошланади.