Спортни ривожлантириш вазирлигида Ўзбекистон каратэ WKF федерациясининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди, дея хабар қилди Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Бунга қадар Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари котибияти масъул ходими бўлиб ишлаган, «бунгача спорт соҳасида турли лавозимларда самарали фаолият олиб борган» Рашид Азатович Талипов номзоди Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси раиси лавозимига делегатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Шу пайтгача федерация раҳбари сифатида фаолият олиб борган Алам Муллаев, шунингдек, Бахтиёр Нигматуллаев, Анвар Муҳамедов, Сапармурод Джиемуротов, Илҳом Мамадалиев, Бурхон Раҳмонов ҳамда Дилноза Бакирова раис ўринбосари, бунгача федерация ижрочи директори лавозимида ишлаган Фарруҳ Ташкентбаев федерация бош котиби этиб сайланди. Шунингдек, тадбир давомида Ижроия қўмитаси аъзолари ҳам шакллантирилиб, ташкилотнинг янги таҳрирдаги низоми тасдиқланди.

«Йиғилишда сўзга чиққан Рашид Талипов юксак ишонч учун миннатдорлик билдирган ҳолда, юртимизда каратэ спортини ривожлантириш йўлида астойдил хизмат қилишини таъкидлади. Шу билан бирга, олдинда турган йирик мусобақалар, жумладан, жорий йил декабрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган катталар ўртасидаги Осиё чемпионатини юксак савияда ташкил этишда барчани ҳамжиҳат бўлишга чақирди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Бош прокуратураси Каратэ федерациясининг бир гуруҳ раҳбарларига нисбатан ҳужжатларни қалбакилаштириш ва ўта йирик миқдорда бюджет маблағларини ўзлаштиришда айблари билан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган эди.