Бош прокуратура мутасадди идоралар билан биргаликда Тошкент шаҳридаги ҳозирга қадар фойдаланиб келинаётган архитектура ёдгорликларининг аҳволини ўрганди, дея хабар бермоқда ташкилот матбуот хизмати.

Пойтахтда мавжуд 290 та тарихий биноларнинг 167 таси ташкилот ва идоралар томонидан фойдаланилмоқда. Ўрганишлар объектлардан нотўғри фойдаланиш ва зарар етказиш ҳолатлари мавжудлигини кўрсатди.

Жумладан, ўзбошимчалик билан 29 та архитектура ёдгорлигига зарар етказган ҳолда 818 дона кондиционер ҳамда 20 та объектга 36 та соябон ва баннер ўрнатилган. Масалан, давлат муҳофазасига олинган Тошкент иқтисодиёт университети биносига 30 та, Фанлар академиясига 49 та ёки Транспорт университетига 98 та кондиционер ўрнатилган.

Хабарга кўра, назорат тадбирларида 21 та объектдаги қонун бузилиши ҳолатлари фойдаланувчиларнинг ўзи томонидан бартараф этилиши таъминланди. Шу билан бирга, 25 та объект фойдаланувчисига нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишлар қўзғатилиб, судларга юборилди.

Хусусан, «Ўзархив», Бадиий академия, Фанлар академияси, Руҳий касалликлар клиник шифохонаси, Геология музейи, «Бошплан ЛИТИ» корхонаси ва бошқа идоралар масъул шахсларининг жавобгарлик масаласи ҳал этилди.