21 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров раислигида республикадаги туман-шаҳар бош имом-хатибларининг «кескин ва танқидий-таҳлилий руҳда» йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда идора матбуот хизмати.

Йиғилишда 2022 йилнинг ўтган даврида масжидлар имом-хатиблари, имом-ноиблари ва отинойилар томонидан амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди. Ўз вазифасига виждонан ёндошмаган, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини қондиришда жиддий саъй-ҳаракат қилмаган ва имомлик мақомига муносиб бўлмаган 4 нафар туман бош имоми ишдан олинди ва 1 нафарига «ҳайфсан» интизомий жазоси берилди. Жумладан:

  • Сурхондарё вилояти Термиз тумани бош имоми Очилов Яҳё;
  • Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани бош имоми Маматқулов Мамаюсуф;
  • Андижон вилояти Шаҳрихон тумани бош имоми Турғунов Иззатуллоҳ;
  • Тошкент шаҳар Сергели тумани бош имоми Ахбутаев Эшмурод эгаллаб турган ушбу лавозимларидан озод этилди.

Шунингдек, Фарғона вилояти Сўх тумани бош имоми Камолов Воҳиджонга интизомий чора кўрилди.

«Танқидий руҳда ўтган йиғилишда шу йилнинг 8 ойи давомида иш фаолиятдаги хато-камчиликларга йўл қўйгани сабабли 15 нафар имом-хатиб, 6 нафар имом-ноиби ва 2 нафар вилоят муҳтасиб вазифасидан озод этилгани, шунингдек, 19 нафар имом-хатиб ва имом ноибига „ҳайфсан“ интизомий чораси берилгани алоиҳда таъкидланди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентдаги «Азиз ота» жоме масжиди имом ноиби ижтимоий тармоқ орқали «самосуд»ни ёқлаб чиқиш қилгани учун ишдан олинганди. Мусулмонлар идораси амалдаги қонунларга зид равишда зўравонликка чақирувчи бу каби чиқишларни қоралаганди.