«Яшил макон» ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида бош режа ва инновацион молиявий ечимларни ишлаб чиқиш" қўшма лойиҳаси ишга туширилди, дея хабар қилди БМТТД матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Лойиҳанинг асосий мақсади инновацион узоқ муддатли молиялаштириш, мувофиқлаштириш ва салоҳиятни ошириш орқали «Яшил макон» ташаббусининг иқлимга чидамлилигини оширишда Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлашдан иборат.

Лойиҳа ташаббуси июнда БМТТД, Давлат экология қўмитаси, БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси (ЕИК) va БМТ қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси томонидан илгари сурилган эди.

Лойиҳани амалга ошириш учун ҳамкорлар томонидан жами 900 минг доллар ажратилган бўлиб, бу маблағ орқали 2023 йил декабригача Оролбўйи ва Сурхондарё вилояти ҳудудларини ўрмонзорлаштириш ташаббусини молиялаштириш, инновацион мониторинг ва назорат тизимини жорий этиш, Ўзбекистон ландшафтлари ва шаҳарларини кўкаламзорлаштиришга қаратилган бош режани ишлаб чиқиш, шунингдек, Сурхондарё вилоятининг қум ва чанг бўронларига чидамлилигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Лойиҳа Молия вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ўзгидромет, Сув хўжалиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари, шунингдек, фуқаролик жамияти ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик қилади.

Бугун, 20 сентябрь куни Давлат экология қўмитаси, БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастури (БМТТД), БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси (ЕИК) va БМТнинг қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган йиғилишда ушбу қўшма лойиҳанинг мақсад ва вазифалари, амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар режаси ҳамда БМТТДнинг инновацион молиялаштириш ечими va ўрмонларни ўстиришга қаратилган бош режасининг техник-иқтисодий асослари бўйича тайёрланган дастлабки хулосалари тақдимоти ўтказилди.

Очилиш маросимида БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска «Яшил Макон» нафақат миллионлаб кўчатлар экиш, балки миллионлаб кўчатларни керакли жойга экиб, уларга тўғри ғамхўрлик қилиш эканини таъкидлади. У, шунингдек, дарахтларни парвариш қилишда фақат эҳтиёткорлик билан режалаштириш, ўйланган ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлар ҳамда барқарор ёндашувлар ижобий натижага олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

БМТТД ташкилот томонидан таклиф этилаётган молиявий воситалар мамлакат учун ихтиёрий углерод бозорларига йўл очиб беришини, шунингдек, ўрмон плантациялари орқали углерод захираларининг қайтарилишини таъминлашини ва ўрмон экиш билан боғлиқ молиявий юкни камайтиришини қайд этди.

«Амалга оширилаётган қўшма лойиҳа шунингдек, „Яшил макон“ умуммиллий лойиҳасини қўллаб-қувватлаган ҳолда мамлакатимизда аҳоли саломатлиги ва ҳудуларнинг иқтисодий ҳолатини яхшилаш, барқарор иш ўринларини яратишни, айниқса, аёллар учун қулай иш ўринларини кўпайтиришни мақсад қилган», — дейилади хабарда.