Европа ва Россия ўртасидаги санкциялар «жанги» фонида Европа айни дамда жуда қийин аҳволда қолиб кетди. Қиш яқин, Европа эса бунга ҳали тайёр эмас. «Шимолий оқим-1» орқали насослар ҳажмининг камайиши ва бир неча бор вақтинчалик тўхташлардан сўнг, 31 август куни «Газпром» Европа Иттифоқи мамлакатларининг 15% газ истеъмолини таъминлаётган қувурни номаълум муддатга тўхтатилганини эълон қилди.

Европа газ омборлари 82% га тўлдирилган, аммо бу бутун қиш мавсумига етмаслиги мумкин. Европа қишни Россия газисиз ўтказишига тўғри келаётган бир шароитда, Европанинг турли мамлакатларида қандай чоралар кўрилмоқда? Европаликлар бунга тайёрми? Юқоридаги саволларга «Газета.uz»нинг ушбу мақоласида жавоб топишингиз мумкин.

Нима юз берди?

Аслида Европада энергия инқирози 2021 йилда бошланган эди. 2022 йилнинг март ойида «Газета.uz» нега Европа бундай вазиятга тушиб қолгани ва Россия газига қанчалик қарамлиги хақида мақола эълон қилганди. Инфляция даражаси кўтарилиб, газ нархи кескин ошгач шундоқ ҳам энергия танқислиги муаммосига дуч келган ЕИ мамлакатлари Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари сабабли кетма-кет санкциялар қўллай бошлашди. Санкциялар Россиянинг иқтисодий аҳволини оғирлаштириб, уруш ҳаракатлари тўхтатилиши кутилаётган эди, аммо натижа ЕИ ва АҚШ кутганидек бўлмади. Оқибатда Европа мамлакатлари танг аҳволда қолди. Россия ҳам, эҳтимол, демарш сабабли ўзини шу пайтгача бўлган энг асосий бозоридан узиб қўйди.

«Газпром» аввало газ етказиб беришни «режалаштирилган профилактика ишларини» ўтказиш учун (йил бошидан буён иккинчи марта) тўхтатган эди. Аммо 2 сентябрь куни компания кутилмаганда газ насослари агрегатининг носоз эканлигини эълон қилди. Газ қувурининг ускуналари ишлаб чиқарувчиси Siemens компанияси буни тасдиқлади. Siemens ускунани таъмирлашга тайёр бўлса-да, санкциялар сабабли ушбу немис концернининг Канададаги заводига юборишнинг имкони йўқ дейилмоқда. Аввалроқ юборилган турбина Россияга вақтида етиб келмаган эди. Фақат Канада ҳукуматининг махсус рухсати билан ушбу агрегат санкциялардан ҳоли деб топилган ҳолда Канададан олиб чиқилган эди.

Ўз ўрнида Siemens компанияси носозликни «жойида тузатиш мумкин» эканлигини ва бундай носозлик газ қувурининг эксплуатациясининг тўхташига сабаб бўлмаслиги кераклигини таъкидлади. Бир неча кун ўтгач эса Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков «Шимолий оқим-1» орқали газ етказиб беришни тиклаш шарти аслида турбинани таъмирлаш эмас, балки Россияга қарши санкцияларни юмшатиш эканлигини очиқчасига тан олди. ЕИ Россиянинг бундай позициясини «энергетик шантаж» деб баҳолади.

Ҳозир вазият қандай?

«Шимолий оқим-1» тўхтатилган пайтга келиб, 5 сентябрь маълумотларига кўра, ерости газ захиралари Европада 82% га тўлдирилган (87 млрд кубометр). Режага кўра ой охирига қадар бу кўрсаткич 85% га чиқиши кутилаётган эди.

Аммо газ мамлакатлар бўйича бир текис тақсимланмаган. Мисол учун, Португалияда захиралар 100% га, Польшада 99% га, Франция, Дания, Швеция ва Бельгияда эса 90% га тўлдирилган. Болгария, Венгрия, Словакия ва бошқа бир нечта мамлакатларнинг газ захираси эса режадаги 80% дан камроқ. Ҳаммасидан кам захира Латвиянинг Инчукалнс ҳудудида — Болтиқбўйи мамлакатлари ва Финландияни таъминлайдиган бу омбор ҳозирча ярмигача тўлдирилган.

Аммо энг ҳавотирли ҳолат Европадаги энг йирик иқтисодиётга эга мамлакат, ЕИ даги табиий газнинг асосий истеъмолчиси — Германияда. Мамлакат газ захираси 86% га тўлдирилган бўлса-да, бу газ Германияга икки ойга етиши таҳмин қилинмоқда. Германия 2021 йил октябридан 2022 йил 31 мартгача 57 млрд кубометр газ (ойига ўртача 9,5 млрд кубометрдан) истеъмол қилган. Германиянинг ҳозирги газ захираси 20 млрд кубометрни ташкил қилади. Германия бу камчиликни бошқа ресурслар ёрдамида қоплашга умид қилмоқда. ЕИ мамлакатлари орасида табиий газ истеъмол қилиш бўйича Германиядан кейинги ўринларни Италия (76 млрд кубометр), Нидерландия (42 млрд), Франция (41 млрд) ва Испания (34 млрд) эгаллаб туради. Ушбу мамлакатларда ҳам қиш мавсумида жиддий муаммолар кузатилиши кутилмоқда.

Бироқ Европа бошқа қувурлар орқали ҳамон Россиядан газ қабул қилиб олмоқда. Москва ва Брюсселнинг ҳозирги пайтдаги муносабатлари бир-бирига қарши бўлса-да, томонлар газ етказиш бўйича алоқаларни тўлиқ узишганича йўқ. Шунингдек, Европага Украина ҳудудидан ўтган «Союз» қувури (йилига 26 млрд кубометр газ етказиб бериш кучига эга) орқали ҳам Россия гази етказилмоқда. Бундан ташқари, газ Туркия орқали «Мовий оқим» (йилига 16 млрд кубометр) ва «Турк оқими» (31,5 млрд кубометр) қувурлари, у ердан эса Жанубий Европа мамлакатларига «Болқон оқими» қувурлари орқали газ таъминоти давом этмоқда.

Маълумотларга кўра, Россия 2021 йилда ЕИга жами 155 млрд кубометр газ етказиб берган, шундан 140 млрд кубометри «Шимолий оқим-1» қувурлари орқали таъминланган.

Европани яна кимлар газ билан таъминлайди?

ЕИ мамлакатларини газ билан таъминлаш бўйича Россиядан кейин иккинчи ўринда Норвегия туради. Мамлакат истеъмолнинг деярли 22%ини таъминлайди. 10% дан камроқ қисмини эса Жазоир ва Қатар етказади. Яна 10%га яқин истеъмолни ЕИнинг ўзи таъминлайди.

Европа асосий эътиборини суюлтирилган табиий газга қаратишни режалаштирган. ЕИга бундай газни АҚШ, Қатар ва Австралия сотиши мумкин.

Шунингдек, Financial Times’нинг маълум қилишича, бир қатор Европа мамлакатлари экологик тоза бўлмаган технологиялардан, аниқроғи кўмирда ишлайдиган электр станцияларига қайтишга тайёрланмоқда. Франция, Германия, Италия ва Австрия аллақачон кўмирда ишлайдиган электр станцияларини қайта ишга туширган. Камида 13 миллион тонна кўмир ёқилади. Бу қарордан сўнг, мутахассислар Европа Иттифоқининг 2050 йилгача иссиқхона газлари чиқиндиларини нолга тушириш бўйича стратегик режасини жиддий шубҳа остига қўймоқда.

Европаликлар қишга қандай тайёргарлик кўрмоқда?

Қиш яқинлашгани сайин европаликлар саросимага тушмоқда, деб ёзади The Washington Post. Ёғоч ва кўмир билан ёнувчи печларга талаб кескин ошди ва баъзи ҳудудларда аллақачон ёғоч танқислиги кузатилмоқда.

Европа мамлакатларида электр энергияси учун тўловнинг ошиши европаликларнинг норозиликларига сабаб бўлмоқда ва тежаш йўлларини излашга мажбур қилмоқда. Германия, Буюк Британия, Италия ва Нидерландияда коммунал тўловлар ўтган йилгига қараганда 210% га қимматлаган. Бундан ташқари, амалдорлар ва таҳлилчилар қишда электр энергиясининг истеъмолини нормаллаштириш мақсадида вақти-вақти билан ўчирилишини айтиб огоҳлантиришмоқда.

Бир қатор Европа мамлакатларида «сўнгги умид ёқилғилари» ёғоч-ўтинга талаб ошиб, дефицит кузатилмоқда ва нархлар кескин ошмоқда. Оқибатда ўғрилар тўғридан-тўғри юк машиналари платформаларидан ёғочлар ўғирлаб, пуллай бошлашди. Баъзилар соҳта сайтлар яратиб ўзидан «ўтин сотувчи» ясаб олишган, умидсиз инсонлар эса уларга алданиб қолишмоқда. Айрим мамлакатларда ёғоч ва кўмир печлари захиралари тўлиқ сотиб бўлинган.

Европа учун яна бир ёмон янгилик — Франциядаги атом электростанциялари режадаги таъмирлаш ишлари сабаб тўхтатилган. Электр энергиясини тежаш мақсадида туни билан шаҳарни ёритиб турадиган Эйфель минораси чироқлари соат 23:45 да ўчириладиган бўлди.

Неаполь шаҳридан то Нюрнберггача истеъмолчилар тўловлар учун хатларни юрак ҳовучлаб очишмоқда. Қиш яқинлашгани сайин нархлар янада ошмоқда. Буюк Британияда ўтказилган сўровномага кўра, Британиядаги ҳар тўртинчи фуқаро қишда ўз уйида иситиш тизимини ёқмасликка қарор қилган. Европадаги қўшниларидан фарқли ўлароқ, Буюк Британия Россия газига қарам эмас, аммо Британия энергетика бозори нархларнинг ошиши сабабли жиддий зарар кўрди.

ЕИ мамлакатлари ўз фуқароларини ресурсларни тежашга чақирмоқда. Ўз ўрнида европаликлар ҳам қиммат тўловларни қабул қилиб олмаслик ниятида энергияни тежашга мажбур бўлишмоқда. ЕИ шундай танг аҳволда ҳам Россия газининг нархини бошқара олишига ишонмоқда. Аммо кўплаб мутахассислар бундай чоралар ҳам акс-таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.

Аммо агар Европа Россия газисиз кун кечиришга мослашса, муқобил энергетика манбаларидан фойдаланиб, ўзини таъминлашни ўрганса, Россия ҳам ўзининг энг йирик бозорини йўқотиши мумкин. Аммо бундан Россия бюджети жуда жиддий зарар кўрмайди.

«Газпром» эса яқинда «Қиш узун бўлади» деб номланган видеосини тақдим этди. Унда Европанинг музлаган шаҳарлари ғамли мусиқа ҳамоҳанглигида тасвирланган.