Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги Олачопон «Деҳибола» маҳалласида 17 туп дарахт кесиб кетилди. Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бу ҳақда телефон орқали мурожаат қилинганини маълум қилди.

Экология ҳамда Миллий гвардия ходимлари тезкор ишчи гуруҳ тузиб, манзилга борганда «Н.Ҳ» фермер хўжалигига бириктирилган тоғли ҳудудда ўсувчанлигини йўқотмаган 10 туп Зарафшон арча, 7 туп кўк терак дарахтлари таг қисмидан кесилганлиги аниқланди.

Дарахт кесилиши оқибатида «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунининг 37-моддаси талаби бузилган. Ўсимлик дунёсига 105 млн сўм зарар етказилгани ўрганилди. Бу зарар «Н.Х» фермер хўжалигига ҳисобланди.

Жавобгарлик масаласини ҳал этиш ва етказилган зарарни ундириш ва айбдорларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар суд органларига ўтказилмоқда, дейилади хабарда.