Сардоба сув омборини лойиҳалаштириш ва қурилишига масъул бўлган 29 нафар шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди, деб хабар бермоқда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов.

Таъкидланишича, 12 сентябрь куни Тошкент шаҳар судида 29 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Судланувчилар Жиноят кодексининг 167-, 28-,167-, 209-, 28-,209-, 243- ва 258-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра судланувчиларнинг:

  • 1 нафарига 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 10 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси;
  • 1 нафарига 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 550 баравари миқдорида жарима жазолари;
  • 1 нафарига 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 600 баравари миқдорида жарима жазолари;
  • 1 нафарига 3 йил тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 600 баравари миқдорида жарима жазолари;
  • 2 нафарига 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 550 баравари миқдорида жарима жазолари;
  • 23 нафарига 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 дан 550 гача баравари миқдорида жарима жазолари тайинланди.

Ушбу ҳукм устидан апелляция шикояти ва протестлари ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, маҳкумлар ва фуқаровий даъвогарлар эса ҳукмнинг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида Тошкент шаҳар суди орқали Олий судга берилиши мумкин.

2021 йилнинг май ойида «Сардоба иши» бўйича илк суд иши бўйича ҳукм эълон қилинганди. Ўшанда «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» УК бош директори ўринбосари 10 йил, яна 4 судланувчи 5 йил, бир нафари 4 йилга қамалди. 3 кишига озодликни чеклаш ва жарима жазолари тайинланганди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 1 май куни соат 05:55 да «Сардоба» сув омбори ёрилиб, аҳоли зудлик билан эвакуация қилина бошланганди. Техноген офат оқибатида 6 киши вафот этди, 70 мингга яқин фуқаро яшаш жойини тарк этди, минглаб уйлар вайронага айланди.

Жорий йилнинг 1 май куни «Газета.uz» фожиа ва ундан кейинги воқелар хронологиясини жамланган материални эълон қилганди.

2021 йилнинг 12 октябрь куни президентликка ЎзЛиДеП партиясидан номзод ва (ўша вақтда) амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Бухорода сайловчилар билан учрашув вақтида Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши билан боғлиқ фожиани ёдга олганди.

«Ҳозир айта оламан, умримда, кинода ҳам мен бундай воқеани кўрмаганман. Одамлар сувнинг ичида, болалар дарахт устида эди. Миллий гвардиядан [ҳарбий хизматчилар орасида] қурбонлар бўлди, аммо одамларнинг ҳаётини сақлаб қолдик», — деди у.