2020 йил 1 май, жума куни соат 05:55. Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба» сув омбори дамбасининг 6-пикет девори ёрилиб кетди. Шу куни сардобаликлар учун ҳаётидаги энг катта фожиалардан бири содир бўлди. «Газета.uz» фожианинг оқибатлари ва бунга нима сабаб бўлгани, воқеадан сўнг аҳолини қўллаб-қувватлаш учун амалга оширилган ишлар хронологиясини бир материалга жамлади.

Омбордан чиққан сув биринчи навбатда Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига кирган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги зудлик билан яқин ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолини эвакуация қилишни бошлади.

Бунинг оқибатида катта ҳудуд сув остида қолди, 70 мингга яқин аҳоли эвакуация қилингани хабар берилди. Жума куни тахминан 17:00 га келиб сув чиқиши тўхтади. Тегишли ташкилотлар қирғоқни мустаҳкамлаш ишларини бошлаб юборишди.

ФВВ сув асосан экин майдонларига зарар етказганлиги маълум қилди.


2 май куни ҳодиса жойига Ўзбекистон президенти ҳам етиб борди. Шавкат Мирзиёев Оқолтин тумани аҳолиси билан учрашувда шароит яхши бўлмагунча ўзи ва бошқа раҳбарларнинг ҳеч қаерга кетмаслигини маълум қилди. Давлат раҳбари қурилишлар бошланиши, шароитлар яратиб берилишини таъкидлади.

«2020 йил оғир келди, пандемия ҳам бир бало бўлди — мана шу оғирликни елкамизга олиб, чидашимиз керак… Одамларни ваҳима қилдирмаслик керак. Айниқса аёллар, ёшларни тинчлантириш керак. Бирорта хонадон, бирор аҳолимиз эътиборсиз қолмайди. Жойини ҳам қилиб берамиз, шароитини ҳам қилиб берамиз», — деганди давлат раҳбари.


Сардоба сув омбори ҳудудида яшовчи аҳолининг бир қисми Янгиер шаҳрига эвакуация қилинди. Улар шаҳардаги коллеж ва университет ётоқхоналарига жойлаштирилди. Тадбиркорлар ҳамда Гулистон туман ҳокимлиги томонидан шахсий ҳимоя воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат ҳомийлик ёрдами келтирилган.

Тошқин оқибатларини бартараф этиш учун сув оқимлари Оқолтин тумани ҳудудидан ўтувчи Абай каналига туширилиб, Жиззах вилоятидаги Арнасой кўлига йўналтирилди.

2 май куни қўшни Қозоғистоннинг бир қанча аҳоли пунктларида ҳам сув тошиши содир бўлди. «Ўзбек томони асосий сув оқимларини пасайтириш учун суғориш каналлари тармоғида шлюзларни очди. Натижада Туркистон вилоятининг Мақтаарал тумани чегарадош коллекторларида сув кўтарилиб, каналлардан сув чиқиши ва аҳоли пунктларида сув тошишига олиб келди», — дейилади «Казинформ» агентлиги хабарида.

Туман ҳокимлиги 2 май куни 01:30 га яқин техноген характердаги фавқулодда ҳолат эълон қилиш ҳамда Женис, Жана Турмис ва Нурли жол аҳоли пунктларидан аҳоли ва чорва молларини эвакуация қилиш тўғрисида қарор қабул қилди. 5400 нафардан зиёд фуқаро эвакуация қилинди.

Мудофаа вазирлиги таркибидаги округлар, жумладан, Марказий ҳарбий округ қўшинларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар сирдарёликларга кўмак бериш мақсадида Сардоба туманига етиб келди.


Шанба куни округ қўмондонлиги бошчилигида етиб келган 2000 дан зиёд ҳарбий хизматчилар «Қўрғонтепа» ва «Софлик» маҳалласидаги кенг кўламли ишларга жалб қилинган. Шунингдек, округ тасарруфидаги 200 га яқин ҳарбий техникалар табиий офат оқибатларини бартараф этишда ҳам қўл келмоқда. Бунинг натижасида аксарият оилалар ўз уйларига қайта бошлади.

3 май. «Газета.uz» мухбирлари воқеа жойига етиб бориб, Сардоба сув омборининг ўпирилган тўғони атрофидаги вайронагарчиликлар акс этган суратларни эълон қилди.

Марказий ҳарбий округнинг 2000 дан ортиқ ҳарбий хизматчилари Сардоба туманидаги табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун жалб қилинган. Ушбу ишларга округ тасарруфидаги 200 га яқин ҳарбий техникалар ҳам сафарбар қилинган.

5 май. Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида сув тошқинида 4 кишининг вафот этгани, 1 кишининг бедарак йўқолганини маълум қилди.

«Газета.uz» «Сардоба сув омборини ким қурган?» номли мақолани эълон қилди. Унда «Ўзбекистон темир йўллари» қошидаги «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» корхонаси Сардоба сув омбори қурилишида бош пудратчи бўлгани, 10 дан ортиқ компания эса — субпудратчи эканлиги қайд этилган. Гидроиншоот қиймати 1,3 трлн сўмни (404 млн доллар) ташкил этган.

2017 йилнинг май ойида президентга лойиҳа тақдимоти вақтида «Ўзбекистон темир йўллари»нинг собиқ раҳбари Очилбой Раматов (ҳозирда бош вазирнинг биринчи ўринбосари), қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари Шавкат Ҳамроев (ҳозирда сув хўжалиги вазири) ва «Ўзсувэнерго» раиси Абдуғани Сангиновлар (ҳозирда «Ўзбекгидроэнерго» раиси) иштирок этган.


«Газета.uz» мухбирлари Сабина Бакаева ва Шуҳрат Латипов уйларига қайта бошлаган одамлар билан суҳбатлашди. Сардоба фожиаси ўзбек халқининг офат қаршисида бемисл даражада ҳамжиҳат эканини кўрсатди, мамлакатнинг ҳар бир ҳудудидан Сирдарёга техникалар ва минглаб тонна инсонпарварлик ёрдами оқиб келди.

8 май. АҚШ ҳукумати Сардоба сув омбори ўпирилишининг оқибатларини бартараф этиш учун 100 минг доллар ажратишини хабар қилди. Ушбу маблағ сув омбори ўпирилиши натижасида ўз уйларидан кўчирилган муҳтож оилаларга озиқ-овқат ва бошқа зарур воситаларни тарқатиш учун Ўзбекистонга мазкур инқироздан қутулиш ва қайта тикланишда ёрдам беришга йўналтирилиши айтилди.

16 май. Бош прокуратура Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши юзасидан олиб борилаётган жиноий иш бўйича 4 та асосий тергов тахминини текширишни бошлади. Улар — лойиҳалашдаги хатоликлар, қурилиш меъёрларига риоя этмаслик, эксплуатация жараёнидаги хатоликлар ва табиий офат тахминлари эди. Жами 170 нафардан зиёд киши сўроқ қилинди.

ФВВ Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши натижасида юзага келган сув тошқинидан энг камида 6 киши қурбон бўлганлиги, бир киши бедарак йўқолганлигини маълум қилди.

23 май. Бош прокуратура Сардоба сув омбори билан боғлиқ жиноят иши бўйича икки киши ишга жалб этилганини, улар мансабга совуққонлик билан қарашга оид жиноятни содир этганликда гумонланишини таъкидлади. Улар қамоққа олинди.

17 июнь. «Сардоба» сув омбори талофатидан зарар кўрган ҳудудларда таъмирлаш ишлари учун 200 млрд сўм ажратилди. 52,5 га ер майдонида 2640 хонадонли 66 та кўп қаватли турар жой биноларини қуриш бошланди.

27 июль. Соҳа мутахассисларидан иборат 30 кишилик комиссия текширувидан сўнг «Сардоба» сув омбори тўғонининг ўпирилиш сабаблари аниқланди. Лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш жараёнларида қатнашган 9 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилиб, қамоққа олинган. Қурилишга сарфланган маблағларнинг асослилиги ўрганилиши бошланди. Дастлабки тергов муддати 5 ойга узайтирилди.

6 октябрь. «Сардоба иши» бўйича ўша пайтгача 17 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Айбланувчиларнинг 7 нафарига қамоққа олиш, 6 нафарига гаров, 4 нафарига муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат эҳтиёт чораси қўлланилган.


29 октябрь. Бош вазир Абдулла Арипов Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида Сардоба техноген фалокатидан зарар кўрган аҳоли уй билан бирга доимий иш ўрнига ҳам эга бўлишини таъкидлади. Янги уйлар кўчиб ўтишга тайёр ва тез орада «қуръа ташлаш» йўли билан аҳоли ўртасида тақсимланади.

Ўша куни аввалига «яшил» йиғма жилддаги фуқаролар, кейинчалик «қизил» жилддагилар уйларга кўчириб ўтказилиши айтилди. Аҳоли доимий иш билан таъминланиб, болалар мактабларда чет тиллари ва IT соҳаси бўйича ўқитилади.

21 декабрь. Судланувчилар М. Холматов ва бошқаларга (жами 17 киши) нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни бошланди.

2021 йил 28 январь. Сардоба тошқинидан жабр кўрганларга уй-жойлар тақсимланишида биринчи навбатда ҳужжатларида муаммоси бўлмагани учун 1430 та хонадон эгаларига тўғридан-тўғри берилган. Муаммо ва камчиликлари бўлган 724 та ҳужжатлар Халқ депутатлари туман Кенгашлари сессияларида кўриб чиқилиб, сессия қарорларига асосан уй ажратилиши рад этилган.

10 май. «Сардоба иши» бўйича суд ҳукми эълон қилинди. «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» УК бош директори ўринбосари 10 йил, яна 4 судланувчи 5 йил, бир нафари 4 йилга қамалди. 3 кишига озодликни чеклаш ва жарима жазолари тайинланди.

Шунингдек, судланувчилардан ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш оқибатида ҳамда «Сардоба» сув омбори ўпирилиши натижасида етказилган зарарларни ундириш чоралари белгиланди.


12 октябрь. Президентликка ЎзЛиДеП партиясидан номзод ва амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Бухорода сайловчилар билан учрашув вақтида Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши билан боғлиқ фожиани ёдга олди.

«Ҳозир айта оламан, умримда, кинода ҳам мен бундай воқеани кўрмаганман. Одамлар сувнинг ичида, болалар дарахт устида эди. Миллий гвардиядан [ҳарбий хизматчилар орасида] қурбонлар бўлди, аммо одамларнинг ҳаётини сақлаб қолдик», — деди у.