Президент «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонунни имзолади.

Унга кўра, 2023 йил 1 январдан пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 12 (ҳозир — 10) бараваридан ортиқ бўлмаган миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи олинади.

Шунингдек, отасидан ҳам, онасидан ҳам жудо бўлган (чин етим) болаларга тайинланадиган боқувчисини йўқотганлик пенсияларини ошириш ота ва она иш ҳақларининг умумий миқдоридан келиб чиқиб, пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 12 (ҳозир — 10) баробари миқдори доирасида амалга оширилади.

Ушбу қонун Сенатда кўриб чиқилаётган вақтда 352 минг нафар фуқаронинг пенсия миқдори қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ўртача ойлик пенсия миқдори 400 минг сўмгача ошиши маълум қилинганди. Шулардан, 304 минг нафари ёшга доир пенсия олувчилар, 25,2 минг нафари ногиронлиги бўлган шахслар ва 23 минг нафари боқувчисини йўқотган шахслар.

Қонунга мувофиқ кўзда тутилган тадбирларни амалга оширишда Пенсия жамғармасидан қўшимча равишда 1,5 триллион сўмдан ортиқ миқдордаги маблағлар талаб этилади.