Навоий вилоят ички ишлар бошқармаси ер ресурслари талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлинмасига фуқаро Б.А.нинг мурожаатига асосан вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, фуқаро М.Ш. ва бошқалар Кармана тумани, «Арғун» МФЙ ҳудудидан «А.Н.К» МЧЖга иссиқхона қуриш учун ажратилган 2,2 гектар экин ер майдонини 200 минг долларга сотишга ҳамда ушбу ер майдонида намунали турар-жой бинолари қуриш учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб беришга келишган.

Келишилган пуллардан 20 минг долларини ариза муаллифи — фуқаро Б.А.дан олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Хабарга кўра, мазкур ҳолат юзасидан М.Ш. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.