Сирдарё ва Бухорода институт дипломини олиб бериш ҳамда ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахслар ушланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши департамент матбуот хизмати.

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида ўтказилган тезкор тадбирда, 2 фуқаро бошқа бир шахсга Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Қарши филиалини тугатгани тўғрисида диплом олиб беришни ваъда қилган. Бунинг учун улар фуқарони юқори лавозимларда ишловчи танишлари ёрдам беришини айтган ва эвазига 3 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Бухорода кузатилган ҳолатда эса фуқаролар 2 нафар фуқарони юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида Бухоро туризм ва маданий мерос техникумига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 1 800 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.

Ҳозирда Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилди. Тергов давом этмоқда.