Тошкент халқаро аэропортида ўзбекистонликларининг чет элга чиқишига тақиқ қўйиш билан боғлиқ муаммоли вазиятларнинг эчими мақсадида Мажбурий ижро бюросининг хизмат кўрсатиш бўлими ташкил этилди, дея хабар бермоқда Uzbekistan airports матбуот хизмати.

МИБ бўлими Тошкент халқаро аэропортининг жўнаб кетиш залидаги маълумот столида жойлашган. Ходим йўловчининг илтимосига биноан қарз бор ёки йўқлигини айтиши мумкин. Шунингдек, қарзни тўлаб ва тўлов ҳужжатини тақдим этилганидан сўнг МИБ ходими тизимни янгилаши ва йўловчидан кетиш учун тақиқни олиб ташлаши мумкин.

«Коммунал тўловлар, кредитлар, жарималар ва бошқа қарзлар ўз вақтида тўланмагани учун Ўзбекистондан ташқарига чиқиш чекланиши мумкин. Бирор киши бу ҳақда унутиши ва чегарани кесиб ўтиш пайтидагина билиши мумкин. Шунингдек, чеклов инсон омили сабаб нотўғри қўйилган бўлиши мумкин. Ўн уч ёшли ўсмирнинг „алимент қарзи“ туфайли мамлакат ташқарисига уча олмагани бунга ёрқин мисолдир. Келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун Мажбурий ижро бюроси ходимлари аэропортда 24/7 ишлайди», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, МИБ вакили тўловларни тўғридан-тўғри қабул қилмайди. Айни пайтда йўловчилар фақат электрон тўлов тизимлари (Click, PayMe, Apelsin ва бошқалар) орқали қарздорликларни ёпишлари мумкин. Яқин кунларда аукционлар якунлангач, Тошкент аэропортида ўз-ўзига хизмат кўрсатиш шохобчалари ўрнатилади ва улар орқали йўловчилар нафақат пластик карталар, балки нақд пулда ҳам тўловларни амалга оширишлари мумкин бўлади.

МИБ матбуот хизмати котиби Фаррух Тошпўлатовнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, Ўзбекистон ҳудудидаги барча аэропортлар марказлашган тартибда Тошкент халқаро аэропортидаги шохобча орқали маълумот олишади.

«Бошқа аэропортларда ҳам фуқароларда тақиқлар масаласида муаммолар юзага келганида, марказлашган тартибда масалани ўрганиш ва ҳал этиш учун махсус телефон рақами (95 411 07 17) жорий қилинган. Фуқаролар бу рақам орқали ёки аэропорт масъул ходимлари ёрдамида Тошкент халқаро аэропортидаги интерактив шохобча билан боғланишлари ва муаммоларини ҳал қилишлари мумкин», — деди бюро вакили.

Бундан ташқари, у юқоридаги ҳолатларда барча чегара постлар ҳозирча Тошкент аэропорти билан боғланишини, кейинчалик темирйўлларда ҳам МИБ бўлимларини очиш режада борлигини қайд этди.

Маълумот ўрнида, алимент тўлаш учун жавобгар шахс бўлган ва турмуш ўртоғидан суд томонидан махсус рухсатномага эга бўлмаган йўловчининг алимент тўлаш бўйича қарзи бўлмаган тақдирда ҳам чет элга чиқиши тақиқланади.