Президентнинг 2021 йил 30 декабрдаги [ПФ-46-сонли] «Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони талабларига мувофиқ халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши қарор қабул қилди.

Унга кўра, Тошкент шаҳрининг 2023−2027 йилларга мўлжалланган кўкаламзорлаштириш бош режасини тасдиқланди. Қарор билан бир қатор вазифалар белгиланмоқда. Жумладан:

  • 2024 йилга қадар пойтахтни яшиллик даражасини 30%га етказиш;
  • экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва туман ҳокимликларига атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага мансуб бўлган корхоналарининг атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи стационар манбаларида самарадорлиги 95%дан паст бўлмаган чанг ва газларни тутиб қолувчи қурилмаларни ўрнатилишини назорат қилишни юклатиш;
  • шаҳар ва туманлар марказлари кўчаларидаги ирригация тармоқларини хатловдан ўтказиб, тармоқларни жорий таъмирлаш ва янгилаш чораларини кўриш;
  • дарахтларни зараркунанда ҳашаротлардан сақлаб қолиш учун чет эллик мутахассисларни жалб этиш;
  • 2022−2024 йилларда шаҳардан ўтадиган каналларнинг (62 км қисми) қирғоқ бўйларини ободонлаштириш, каналларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш, кўкаламзорлаштириш ва сайилгоҳлар ташкил этиш.

Хужжатда маълум қилинишича, ободонлаштириш бош бошқармаси тизимидаги ташкилотлар томонидан йилига ўртача 7 млн дона мавсумий гуллар экилиши режалаштирилган. Шу билан бирга йилига 75 минг донадан кам бўлмаган миқдорда дарахт ва бута кўчатларини экиш кўзда тутилган.

Маълумот учун, Тошкент шаҳрида ободонлаштириш ишлари олиб борилаётганлигига қарамай дарахтларга шикаст етказиш, уларни кесиш жараёнлари энг кўп қайд этилган. Аввалроқ, депутат Расул Кушербаев тадбиркорларга ажратилган ҳудудлардаги деворлар билан ўралган 5 мингта дарахт кесилиш хавфи остида эканини маълум қилганди. У мораторийга риоя этилмаётгани боис ҳокимларнинг бундай ер участкаларини ажратиш тўғрисида қарорларини бекор қилишга чақирди.