Asakabank матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда банк ҳисоб рақамидан 700 минг доллар ўғрилангани ҳақида тарқалган маълумотлар юзасидан муносабат билдирди.

«Хакерлар салкам 700 000 АҚШ долларини ухлатиб кетишибди. Мижозлар куйиб қолмаса бўлгани. Омонатлар йўқолиб қолмаса керак а?!» — дейилади хабарларнинг бирида.

Банк ушбу ҳодиса мижозларининг жамғармаларига таъсир қилмаслигини ва уларнинг маблағлари тўлиқ хавфсиз эканлигини маълум қилди. Шунингдек, аниқланган барча ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича материаллар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ўтказилган.

Эслатиб ўтамиз, 3−5 сентябрь кунлари бир гуруҳ шахслар InfinBank`дан ўзларининг жиноий шерикларининг номига очилган Visa пластик карталарига пул ўтказиб, ўзлаштирганди. «Маблағларнинг бир қисми ундирилди ва қолган қисмини ундириш ҳаракатлари амалга оширилмоқда», — дея маълум қилганди банк матбуот хизмати.