Хоразм вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати ижтимоий тармоқларда фуқаронинг шифокорлар айби билан вафот этгани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 12 сентябрь куни Янгибозор туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ комплексида туманнинг Ширинқўнғирот қишлоғи, Очанқалъа маҳалласида яшаган 1998 йилда туғилган фуқаро Г. Б.да туғруқдан кейин қон кетиш кузатилгач, бачадон ортиғи билан олиш жарроҳлик амалиёти ўтказилган.

Жарроҳлик амалиётидан кейин Г. Б. 13 сентябр куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Хоразм филиалига ўтказилган ва кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, 14 сентябрда филиалнинг жонлантириш бўлимида вафот этган.

Фуқаро Г. Б.нинг ўлими сабабини аниқлаш юзасидан суд-тиббий экспертизаси ҳамда унга кўрсатилган тиббий ёрдамнинг тўғри ёки нотўғрилигини аниқлаш юзасидан комиссиявий суд-тиббий экспертизаси, шифокорларнинг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Янгибозор туман прокуратураси терговга қадар текширув олиб бормоқда.