Андижонда Cobalt ҳайдовчиси ЙПХ ходимини машина капотида судраб кетгани акс этган видеохабар тарқалди. Андижон ИИБ хабар қилишича, ушбу ҳолатни юзага келтирган 19 ёшли ҳайдовчи ушланган.

Воқеа 15 сентябрь куни тунги соат 21:58 да Андижон шаҳар Миллий тикланиш ва Амир Темур шох кўчалари кесишмасида хизмат олиб бораётган Андижон вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ходими билан содир бўлган.

Ҳайдовчи бошқа инспекторнинг тўхташ ҳақидаги талабига эътибор бермагани ҳақида рация орқали хабар олган ЙПХ ходими йигитга машинани тўхтатишни буюрган. Қонуний талабга бўйсунмаган ҳайдовчи машинани инспектор томон юргаза бошлаган. Ходим ён томонга сакрашга улгурмай, капотга осилиб қолган.

Машинанинг кескин бурилиши вақтида инспектор ерга йиқилиб, қўл ва оёқларидан жароҳат олган. Унинг ёнидаги алоқа воситалари ва жезл шикастланган.


ИИБ эълон қилган видеода ҳайдовчи ЙПХ ходимларининг тўхташ ишорасига бир неча бор бўйсунмаганини тан олди. У фаралари ўзгартирилгани сабаб машинасини жарима майдончасига қўйилишидан қўрқиб шундай қилганини айтиб ўтди. Ҳайдовчи ходимдан узр сўраб, тенгдошларига бундай иш қилмасликларини маслаҳат берди.

Фуқаро К.В.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддасига (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва автомашина вақтинчалик жарима майдонига жойлаштирилди.

Ушбу ҳолат юзасидан ИИВ ШХББ Андижон вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Андижон шаҳар прокуратураси томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.