Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги қуролли тўқнашув натижасида жами 84 киши ҳалок бўлган. Қирғизистон томони 46 киши ҳалок бўлгани ва 140 киши яралангани тўғрисида, Тожикистон эса 36 нафар қурбон ва 20 киши яраланганини расман маълум қилди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров фармони билан 19 сентябрни республикада умуммиллий мотам куни деб эълон қилинди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида Қирғизистонни «қуролли босқинчилик», тинч аҳоли, жумладан, болалар ҳалок бўлган фуқаролик инфратузилмаси, мактаб ва аҳоли пунктларини ўққа тутишда айблади.

Вазирлик, шунингдек, Қирғизистон томони Тожикистондан «тажовузкор образи»ни яратмоқда, деб ҳисоблайди.

«Сўнгги кунларда қирғиз томони ўз қўшниси тимсолида „тажовузкор“ қиёфасини яратиш мақсадида очиқ ёлғон ва иғволардан қочмасдан, Тожикистонга қарши ахборот кампаниясини давом эттирмоқда ҳамда шу орқали чегара ҳудудида кескинликни кучайтирмоқда. Қирғизистон президенти 17 сентябрь куни халққа мурожаатида Тожикистонга нисбатан „душман“ сўзини ишлатган, бу дўстлик ва яхши қўшничилик руҳига тўғри келмайди», — дейилади хабарда.

Бунга жавобан Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистонни «Қирғизистоннинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига тажовуз қилиш», шунингдек, «олдиндан режалаштирилган қуролли ҳаракат» ва «ғайриинсоний ҳаракатлар»да айблади.

«Тожик томонининг „Тожикистон Республикасига қарши қуролли тажовуз“ содир этишда асоссиз айбловлари Қирғизистон Республикаси зиммасига масъулият ва айбни юклашнинг аҳамиятсиз уриниши, деб ҳисоблаймиз. Тожикистон томони Қирғизистон Республикасининг мудофаа ҳаракатларини обрўсизлантиришга қаратилган кенг кўламли дезинформацион кампанияни бошлади», — дейилади АКИpress эълон қилган баёнотда.

Вазирликнинг таъкидлашича, Тожикистондан ҳарбий ва мунтазам бўлмаган тузилмалар томонидан содир этилган жиноятларга оид барча далиллар (фото ва видео материаллар) мавжуд.

Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистон ҳудудий яхлитлик, давлат чегараларининг дахлсизлиги, халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, куч ишлатмаслик ва куч билан таҳдид қилмаслик, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш каби БМТ Низоми ва бошқа халқаро ҳужжатларда мустаҳкамланган фундаментал халқаро тамойилларни «қўпол равишда бузганини» таъкидлади.

«Қирғизистон Республикаси Қирғизистоннинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига хоинлик билан тажовуз қилган тожик томондан фарқли ўлароқ, чет эл ҳудудини эгаллаб олиш мақсадини кўзламай, фақат мудофаа позициясидан чиқди, бу эса Тожикистоннинг ҳудудий даъволари мавжудлигини яна бир бор тасдиқлайди. Қирғизистон томони Тожикистон томонидан Қирғизистон Республикаси ҳудудига босқинчиликнинг истиқболсиз режаларидан ва чегара ҳудудида вазиятни кескинлаштириш бўйича кўзланган мақсадлардан воз кечишни талаб қилади», — дейилади хабарда.

Ташқи ишлар вазирлиги «Тожикистон томонида мунтазам бўлмаган ҳарбийлаштирилган гуруҳлар фаол иштирок этаётганидан» хавотир билдирди.

«Тожикистон томонининг ҳаракатлари кенг кўламли давлатлараро можаронинг бошланишига, шунингдек, бутун Марказий Осиё минтақасидаги вазиятнинг беқарорлашишига олиб келиши мумкин», — дея огоҳлантирди вазирлик.

18 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин Қирғизистон ва Тожикистон президентлари билан чегарадаги вазиятни муҳокама қилиш учун музокара ўтказди.

«Владимир Путин томонларни вазиятнинг янада кескинлашувига йўл қўймасликка ва вазиятни имкон қадар тезроқ фақат тинч, сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал қилиш чораларини кўришга чақирди ҳамда Россия қирғиз-тожик чегара ҳудудида барқарорликни таъминлаш учун зарур ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади», — дейилади Кремль баёнотида.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳозирча вазиятга изоҳ бергани йўқ. Таққослаш учун, 2021 йил апрелида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги қирғиз-тожик можаросига зудлик билан жавоб қайтарган ва эртаси куни президент Шавкат Мирзиёев қўшни давлатлар раҳбарлари билан музокаралар ўтказган эди.