Ўзбекистон ва Исроил давлатлари ўртасида тузилган ўзбекистонлик ишчиларни вақтинчалик иш билан таъминлаш тўғрисидаги битим тасдиқланиши мумкин. Бу ҳақда президентнинг қарор лойиҳаси эълон қилинди.

Ушбу битим имзоланган тақдирда, Исроилда ишлаш истагида бўлган ўзбекистонликлар учун қуйидагилар таъминланади:

  • одам савдоси, ноқонуний миграция, ҳужжатсиз ва қонунга зид равишда ишчи кучини жалб қилиш амалиётига чек қўйилади;
  • ишга қабул қилиш жараёнининг шаффоф амалга оширилиши учун ҳамда Исроил Давлатида ишлашда ҳеч қандай ноқонуний тўловлар олинмаслиги чоралари кўрилади;
  • битим доирасида танланган фуқароларимизга ишчи виза берилиши навбатсиз ва тўсиқларсиз кафолатланади;
  • йилига 8 000 тагача бўш иш ўрни квота сифатида ажратилади ва бошқа бир қатор қулайликлар яратилади.

Шу билан бирга, битимни амалга ошириш баённомасига мувофиқ биринчи босқичда Ўзбекистон фуқароларини қариялар ва ногиронлиги мавжуд шахсларни парваришлаш йўналиши бўйича ишга жалб қилиш кўзда тутилмоқда. Кейинги босқичларда фуқароларни қурилиш ва бошқа соҳаларга жалб қилиш Исроил томонидан кўриб чиқилади.

Шу билан бирга, битимнинг кучга кириши мавжуд қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни ҳамда давлат бюджетидан молиявий харажатларни талаб этмайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, 25−27 июль кунлари меҳнат миграцияси масалалари бўйича Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Исроилда ишчи ташриф билан бўлганди.

Ташриф давомида икки давлат ҳукуматлари ўртасида ўзбекистонлик ишчиларни Исроил меҳнат бозоридаги махсус секторларда вақтинчалик иш билан таъминлаш тўғрисидаги битим ва ушбу битимни амалга ошириш баённомаси имзоланганди.

Ҳужжатлар ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган ва Ўзбекистон фуқароларини Исроилда ташкилий, хавфсиз ва қонуний меҳнат олиб боришлари учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.