Сенат раиси Танзила Нарбаева Шаффоф қурилиш тизими фаолиятини қайтадан кўриб чиқиш вақти келганини таъкидлади. У мазкур мавзуга 13 сентябрь куни Сенатнинг 32 ялпи мажлисида тўхталиб ўтди.

Дастлаб сенатор Ботир Матмуратов қурилиш соҳасида Самарқанд вилоятида яратилган 1300 та иш ўрнида аҳоли бандлиги ўз тасдиғини топмагани, Шаффоф қурилиш платформасига жойлаштирилган лойиҳаларда режалаштирилган иш ўринлари ва амалдаги ишчилар сонида номутаносибликлар кузатилгани ҳақида гапирди.

Ботир Матмуратов. Фото: Сенат матбуот хизмати.

«Масалан, Самарқанд вилоятида инвестиция дастури доирасида ижтимоий соҳа объектлари қурилишига жалб этилган битта корхона 5 та объект бўйича тендер лойиҳасига кўра, жами 200 дан ортиқ иш ўрни яратиши лозим бўлса-да, амалда бунинг ярми ташкил этилган, ҳолос. Пудрат корхоналари қурилиш бошлангандан сўнг ўз лойиҳаларида белгиланган иш ўринларини амалда таъминламаслиги нима билан боғлиқ? Ахир бу уларни тендер ғолиби деб топиш учун асосий кўрсаткичлардан бири эмасми, вазирлик буни қандайдир назорат қиладими?», — деди қурилиш вазири ўринбосари Шукруллобек Жаҳонгировга мурожаат қилди сенатор.

Вазир ўринбосари эса қурилиш соҳасида хусусий сектор асосий рол ўйнашини айтиб, Шаффоф қурилиш тизимида нима учун ишчиларнинг, хизматчиларнинг рўйхати олинмайди, деган саволга жавоб берди.

Шукруллобек Жаҳонгиров. Фото: Сенат матбуот хизмати.

«Шаффоф қурилиш — бу асосан, Солиқ қўмитаси ёки Меҳнат вазирлигидан интеграция орқали маълумот олади ва умумий маълумотни киритади. Қурилиш вазирлиги томонидан ишчиларни рўйхатга олишни расмийлаштиришга ундаш тариқасида рейтинг киритилган. Яъни, [пудратчи] ишчи сони ва уларга тўланаётган ойликнинг ўртача қиймати қанчалик юқори бўлишига қараган ҳолда рейтингда юқори ўринларни олади. Самарқанд ҳолатига келадиган бўлсак, вилоятда ШҲТ саммити доирасида жуда кўп қурувчиларимизнинг рейтинги кўтарилди. Сабаби, айтганимиздек, расмий ишчиларни рўйхатга олиш бошланди. Бошқача қилиб айтганда, секин-секинлик билан Шаффоф қурилиш тизими орқали расмий рўйхатга олишга ундаш ва шунга чақириш устида ишламоқдамиз», — деди вазирлик вакили.

Сенат раиси Танзила Нарбаева эса тизимини танқид қилди.

«Шаффоф тендер тизими қарор билан белгиланган, тўғрими? Мисол учун битта объектни ютган қурилиш ташкилоти қурилишини тугатмасдан бошқа объектни ҳам ютиб олади. 15 талаб объектни ютиб олган фирмаларни биламиз-да. Биринчидан, бу сифатсиз қурилишга олиб келаяпти. Иккинчидан, мана шунақанги иш ўринларини яратишда ҳам хар ҳил муаммолар келиб чиқаяпти. Шунинг учун, шаффоф тендер йўналишида ишларни қайта кўриб чиқиш зарурати туғилмадими? Қандай қилиб битта фирма 15 тадан, 20 тадан объектни ютиб олиши мумкин? Қанақа қилиб ишини якунламасдан, топширмасдан, одамларни рози қилмасдан яна бошқа объектни ютиб олаверади? Қанақа қилиб? Қанақа ёндашув?», — дея савол билан юзланди Сенат раиси.

Қурилиш вазири ўринбосари бунинг олдини олиш мақсадида янги тизим жорий этилишини айтиб, тендерда объект олишда лимит ўрнатилишини қайд этди.

«Тўғри айтяпсиз, бу бўйича нафақат бир вилоят — Самарқанд ёки Навоий, бошқа вилоятларда ҳам жуда кўплаб ҳолатлар кузатилмоқда. Ҳаттоки, 30 талаб қурилиш объектларини олган қурувчи пудратчиларимиз бор. Бу бўйича ҳозирги кунда алоҳида қарор лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Яъни, -5 деб айтилади, қурувчиларимиз жуда яхши билишади. Ҳар бир олган объекти учун рейтингдан -5 балл олинади. Бунинг оқибатида 30−40 талаб объект оладиган пудратчи ташкилотлар 5 та ёки максимум 10 та олиш имкониятига эга бўлади. Яъни, лимит ўрнатилади. Лимит эса балнинг қисқаришига олиб келади ва натижада юқори ёки катта объектларни ололмасдан борган сари рейтингги пастга тушиб кетаверади. Бу ҳозирги кунда муҳокамадан ўтди, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳқамасига киритилган», — деди Шукруллобек Жаҳонгиров.

Сенат раиси эса буни тезлаштириб, сифат ҳамда коррупцияга йўл қўймаслик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш кераклигини яна бир бор айтиб ўтди.

«Битта ташкилот шунча ишни қанчалик эплолади? Буни назоратдан олмаймиз, бизга бу саволга яна қўшимча жавобни берасизлар, қароримизга ҳам бу масалани киритамиз», — деди Танзила Нарбаева.