Адлия вазирлиги Театр арбоблари уюшмасининг «Илҳом» театрида «Подпольные девочки (Ер ости қизлари)» спектакли бўйича хулоса олиниши лозимлиги юзасидан давлат ташкилотларига киритган хатига муносабат билдирди.

Хатда уюшма раиси Ёқуб Аҳмедов имзоси билан ИИББ ва Миллий Гвардия бошқармасига спектакль ўзбек-афғон халқларининг тинч ва барқарор яшаши, икки томонлама давлат алоқаларига путур етказиши мумкин эканлиги қайд этилганди.

«Ушбу спектаклда асосан, қўшни Афғонистонда яшаётган инсонларнинг тақдири, аёлларнинг қамоққа олинишининг ҳалокатли оқибатлари, инсоннинг асосий ҳуқуқлари, мустақил бўлиш, билим олиш ва ўз тақдирини белгилаши, эркинлиги учун курашишга ҳаракат қилиши каби масалалар ўрин олган экан.

Афғонистонда ижтимоий, диний, ва сиёсий аҳволни Ғарб дунёқараши асосида кенг жамоатчиликка кўрсатиш, миллий ҳамда диний қадриятлар ва урф-одатларни қоралаш, ўзбек-афғон халқларининг тинч ва барқарор яшашини, икки томонлама давлат алоқаларига путур етказиши мумкин.

Бошқа миллатларнинг урф-одатлари ва миллий қадриятларини ҳурмат қилиб, ҳар томонлама муҳокама қилгандан сўнг, жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинса, мақсадга мувофиқ", дейилади хатда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

ННТни рўйхатга олувчи орган бўлган Адлия вазирлиги хабарига кўра, «Театр арбоблари уюшмаси» ташкилотнинг ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмаларининг оммавий тадбир ўтказишга рухсатнома бериши билан боғлиқ муносабатларга аралишиши устав фаолиятидан четга чиқиш ва қонунчилик талабларини бузиш деб ҳисобланади.

Бунга асос сифатида «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасига асосан, нодавлат нотижорат ташкилотининг давлат органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.

Қонуннинг 8-моддасида нодавлат нотижорат ташкилоти қонунчилик ва таъсис ҳужжатларига риоя этиши, молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ахборот билан танишиш эркинлигини таъминлаши, ўз фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этиши шартлиги айтилган.

Келтирилишича, «Театр арбоблари уюшмаси»нинг 7 сентябрда йўллаган хати қонуний кучга эга эмас.

Шундан сўнг, қолдирилгани айтилган спектакль ўз вақтида намойиш қилинадиган бўлди.

10 сентябрь куни уюшма қонунчилик ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида ёзма равишда огоҳлантирилди ва давлат ташкилотларига юборилган хатини ижродан чақириб олиш ҳақида кўрсатма берилди.

Қайд этиш лозимки, «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуннинг 31-моддасига кўра, театрлар бадиий йўналишларни, репертуарни танлашда, саҳна асарларини яратиш, оммавий ижро этиш ва (ёки) оммавий намойиш қилиш тўғрисида қарор қабул қилишда, шунингдек самарали ижодий жараённи ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун зарур бўлган, қонунчиликка зид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга оширишда эркиндир.

Уларнинг фаолиятига аралашиш маданий фаолият соҳасидаги асосий принциплардан бири бўлган «ижодий фаолият эркинлиги»га зиддир, дейилади вазирлик хабарида.

Шу билан бирга, «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуннинг 20-моддасига кўра, маданий-оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатишга, шафқатсизлик ва зўравонликни тарғиб этишга, шунингдек, ўзга шахсларнинг ҳуқуқларини камситишга қаратилган плакатлар, тимсоллар, транспарантлардан ва бошқа ашёлардан фойдаланиш тақиқланади.

ННТ устав фаолиятидан четга чиқиш ҳолатини яна такрорланса, маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилади ва фаолиятини тўхтатиш юзасидан суд органларига мурожаат қилинади.