ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг хабар беришича, 4 сентябрь куни соат 00:30 ларда 26 ёшли К.Г. (аёл) ўзи ишлаб келаётган Яшнобод тумани Торариқ кўчасида жойлашган умумий овқатланиш жойида ўзи билан бирга ишловчи 28 ёшли, маст ҳолатдаги М.С. (эркак) билан ўзаро жанжаллашиб қолган.

Ўрталарида келиб чиққан келишмовчилик натижасида, ошхона пичоғи билан М.С.нинг қорин қисмига бир маротаба зарба бериб, тан жароҳати етказганлиги аниқланган.

Оқибатда М.С. олган тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилаётган вақтда вафот этган.

Суд-тиббий экспертиза хулосасида М.С. да «Қорин ўнг олд деворини тешиб кириб жигарни шикастлаган санчиб-кесилган жароҳати, ички ва ташқи қон кетиш» каби жароҳатлар аниқланганлиги ва ушбу жароҳатлар оғирлик даражасига кўра, ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари сифатида баҳоланиши кўрсатилган.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Яшнобод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан гумонланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган.