Мактаб дарсликларидаги хатолар таълим сифатининг акс-садоси. Бу ҳақда халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифходжаев 6 сентябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Журналистлардан бири вазир мутасаддиларидан «10-синф биология, 7-синф ўзбек тили, 2-синф ўзбек тили дарсликларида жуда кўп имловий, грамматик хатолар борлиги, ҳаттоки ўзбек тилида ёзилган 10-синф биология дарслигида рус тилидаги жумлалар, атамалар таржима қилинмагани, китоблар ўқувчига етиб боргунча текширувлардан ўтиши ёки йўқлиги» ҳақида сўради.

«Сиз айтган мисоллар бугун ОАВ, ижтимоий тармоқ воситаларида тарқалган мисоллардир. Шу ернинг ўзида айрим жиҳатларда уларнинг нотўғри эканлигига ҳам эътиборингизни қаратмоқчи эдим. Мисол учун, сиз айтган 10-синф биология дарслигининг реал китобини қарасангиз, у ерда бундай нарсанинг ўзи йўқ. Мен сизга муқоваси қанақа бўлишини кўрсатишим ҳам мумкин. Ёки сиз айтган 2-синф дарслигининг ярми русча, ярми ўзбекча эмас, биринчи бети чоп этилиш тили учун мослаштириш бет. Тожик тилидаги мактабларда китоб ўзбек тили бўлгани учун муқоваси тожик тилида кетган», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, албатта, мактаб дарсликларида хато бугун пайдо бўлмаган.

«Хато 10 йил олдинги, 5 йил олдинги китобни кўтарсангиз ҳам бор. У китоблар ҳам, бу китоблар ҳам экспертизадан ўтган. Афсуски, бу ҳам таълим сифатининг қандайдир акс-садоси десак ҳам бўлади. Буни ҳам экспертлар кўради, албатта. Дарсликни тасдиқлайдиган кенгаш бор, битта ёки иккита одам уни ўтқазиб, қўл қўймайди. Ёзган жамоадан ташқари уни кўрадиган эскперт кенгаши бор. Уларнинг барчаси қўл қўяди», деди Усмон Шарифходжаев.

Вазирнинг биринчи ўринбосари агар китобларда қандайдир хатолар ўтган бўлса, бунга масъул бўлган шахсларга нисбатан чоралар кўрилишини айтиб ўтди.

«Лекин қандайдир бир хато бор ёки йўқлигини, аввал қоғозли китобни қўлга олиб кўришимиз керак. Чунки информацион даврда ҳар хил жараёнлар бўлиши мумкин. Айнан, сиз айтган 10-синф биологиясидаги хатолик реал китобда ундай эмас. Бу 2−3 ой олдин яратилган дастлабки файл бўлган бўлиши мумкин. Лекин якуний файлда у расмлар ҳам, матнлар ҳам йўқ», — дея ишонтирди ХТВ вакили.