ПМТИ экспертлари охирги беш йилда асосий истеъмол товарлари нархининг ўзгаришини аҳоли фаровонлигига қандай таъсир кўрсатишини таҳлил қилди.

Асосий истеъмол товарлари нархи ўсиш динамикаси ва республика даражасидаги ўртача иш ҳақи ўзгариш динамикасининг солиштирма таҳлили натижаларига кўра, аҳолининг асосий қисми учун бензин, пропан, гўшт нархи ошгани сезилган бўлиши мумкин, чунки аҳоли даромадлари динамикаси бу товар турларига қараганда секинроқ ўсган.

Бошқа томондан эса, электр энергияси, газ, пахта ёғи, 1-нав буғдой уни, ҳаво транспорти ва темирйўл транспорти, олий таълим шартнома пули, мактабгача таълим муассасалари тўлов нархлари стабиллигининг сақланганлиги аҳоли харид қобилиятига ижобий таъсир қилган. Чунки бу товар ва хизмат турлари нархи даромадларга нисбатан анча секин ўсган.

Бундан ташқари, энергия, транспорт ва коммуникация хизматлари нархлари давлат томонидан тартибга солинади, пандемия даврида ва ундан кейин, жумладан, маълум тартибга солинадиган товар ва хизматлар нархлари ўзгармаслигини таъминлаш орқали ҳам давлат аҳолини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, ўртача иш ҳақи ўсиш динамикасининг кўп товар ва хизматлар нархидан тезроқ ўсиши аҳоли фаровонлик даражасига ижобий таъсир кўрсатган. Шу билан бирга, бензин ва пропан нархларининг ошиши иш ҳақига нисбатан тезроқ ўсгани автомобиль эгалари фаровонлигига салбий таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.


Давлат статистика қўмитасининг маълум қилишича, 1 сентябрь ҳолатига кўра, йил бошидан буён инфляция даражаси 6,98 фоизни ташкил этган. Марказий банк 2022 йилда инфляция 12 фоиздан бироз юқори бўлишини кутмоқда.