Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон аҳолисини Россиянинг USM холдингига алоқадорлиги айтилаётган лойиҳаларга сармоя киритиш, шунингдек, Алишер Усмонов ёки унинг хайрия жамғармасидан шерик бўлишга ёхуд ёрдам олишга чақирувчи эълон ва нашрлар пайдо бўлди.

Рекламаларнинг аксарияти Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларида қайд этилган.

Холдингдан «Газета.uz»га маълум қилинишича, бундай эълонларда кўпинча USM сайтлари сифатида ниқобланган ва фойдаланувчиларга гўёки юқори даромадли сармоянинг турли шаклларини таклиф қилувчи сохта манбаларга ҳаволалар мавжуд.

«Таъкидлаш жоизки, USM холдинги ҳам, унинг акциядори Алишер Усмонов ҳам жисмоний шахслар учун инвестиция лойиҳаларини ишга туширмаган ва бу мавзудаги сайтлар, нашрлар ёки рекламаларга алоқадор эмас. Холдинг ҳам, унинг акциядори ҳам ижтимоий тармоқларда реклама қилмайди», — дейилади хабарда.

Эълон қилинган фирибгар лойиҳаларга USM Invest, «USM инвестиция академияси», «USM инвестиция фонди», «USM Платформа», «Алишер Усмонов даромадларини ошириш дастури» ва шунга ўхшаш бошқа кўплаб «лойиҳалар»ни келтириш мумкин. Уларга Алишер Усмонов ва USM холдингининг ҳеч қандай алоқаси йўқ, дея таъкидланди.

«Бундай лойиҳалар, сайтлар ва рекламаларнинг барчаси ғараз ниятли кишилар томонидан фақат фойдаланувчиларни алдаш ва улардан ноқонуний равишда пул олиш мақсадида яратилган. Биз бундай рекламаларга дуч келган ҳар бир кишидан уларга эътибор бермасликни ёки улар эълон қилинган манбалар бўйича шикоят ёзишни сўраймиз», — дейилади компания баёнотида.

USM уларга пул ўтказиб, қайтариб бера олмаган фирибгарлардан жабрланганларга ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишни тавсия қилди.

Бу каби фирибгар лойиҳаларни ишончлироқ реклама қилиш учун фирибгарлар «Газета.uz» интернет нашри саҳифасидан фйдаланишмоқда.

«Газета.uz» ва унга эгалик қилувчи «Афиша Медиа» компаниясининг ҳам бундай сохта саҳифаларга алоқаси йўқ. Агарда бизнинг логотипимиз остида инвестиция фондига сармоя киритиш таклифини кўрсангиз, ўзингиз кирган сайт манзилини текширинг. Онлайн нашримизнинг доимий ва ягона манзили — gazeta.uz. Банк картангиз маълумотларини учинчи шахсларга берманг ва у ларни очиқ нашр қилманг. Интернетда сотиб олиш ёки инвестиция қилиш тўғрисида қарор қабул қилаётганда, пул ўтказмоқчи бўлганлар ҳақидаги маълумотларни текширинг.