Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзлади, дея хабар қилди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Давлат раҳбар сўзининг аввалида Ўзбекистон халқини Мустақиллик куни билан табриклади.

«Орадан йиллар, асрлар ўтади. Лекин миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз ва инсоний ҳақ-ҳуқуқларимизни тиклаб берган, барча ютуқ ва марраларимизнинг замини бўлган Мустақиллик куни биз учун, келгуси авлодларимиз учун доимо энг улуғ, энг азиз байрам бўлиб қолади», — деди президент.

Давлат раҳбари бугун Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси жадал амалга ошираётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Янги Ўзбекистон:

  • ҳар бир фуқаронинг ҳаётини янада яхшилаш мақсадида давлат хизматларидан фойдаланиш учун кенг имкониятлар берадиган;
  • одамлар ўз муаммолари ҳақида очиқ гапириши ва уларнинг ечими учун биргаликда ҳаракат қилишларига барча шароитлар мавжуд бўлган;
  • ҳамма учун адолатни сўзсиз таъминлаш имкониятини берадиган ҳамда фуқаролари ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг бўлган;
  • тадбиркорликнинг ривожланиши учун зарур шароитлар яратилган давлатдир.

«Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистон деганда, ҳар бир фуқароси учун ғамхўрлик қиладиган, очиқ ва адолатли жамият ҳам тушунилади», — дея таъкидлади президент.

Президент ушбу юксак марраларга эришиш учун 2026 йилгача Тараққиёт стратегияси доирасида 5 та асосий вазифани белгилаб берди.

Биринчи — таълим соҳасида фарзандларимиз замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллашлари учун энг қулай шароитлар яратиш изчил давом эттирилади. Бунинг учун мактабларнинг ўқув дастурлари, ўқитиш услуби, дарсликлар мазмуни тубдан қайта кўриб чиқилади.

Иккинчи — ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши керак. Судьялар ишига ҳар қандай аралашув кескин жазоланади, уларнинг хавотирсиз ишлаши учун барча зарур шароитлар яратилади.

Учинчи — бизнесни ривожлантириш орқали қўшимча иш ўринлари яратилади, камбағаллик қисқаради, аҳоли даромадлари кўпаяди. Бунинг учун хусусий мулк ва тадбиркорликка халақит бераётган барча тўсиқлар бартараф этилади. Давлат бошқаруви ислоҳ қилиниб, иқтисодиётда давлат иштироки кескин камайтирилади.

Тўртинчи — соғлиқни сақлаш тизимида аҳолига янада сифатли ва малакали тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтирилади. Барча ҳудудларда шошилинч тиббий ёрдам қамрови оширилиб, одамларга янада яқинлаштирилади.

Бешинчи — аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи доимо диққат марказида бўлади. Соҳага жалб қилинаётган инвестициялар ҳажми кескин кўпайтирилади.

«Албатта, бундай кенг кўламли вазифаларни амалга оширишда олдимизда турли қийинчилик ва муаммолар пайдо бўлиши табиий ҳол. Лекин ўз тарихида қанча-қанча синов ва машаққатларни бошидан кечирган мард ва матонатли халқимиз ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтишга қодир. Мен бунга қатъий ишонаман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Унинг сўзларига кўра, «асосий муаллифи ва ижодкори халқимиз бўлган — янгиланаётган Конституциямиз бу йўлда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади».

«Асосий қонунимизни шошилмасдан, чуқур ўйлаб, халқимиз билан маслаҳат қилиб, фақат умумхалқ референдуми асосида қабул қиламиз. Ишончим комил, Янги Конституциямиз чинакам халқ Қомуси, чинакам халқ Конституцияси бўлади», — деди президент.

«Фурсатдан фойдаланиб, ислоҳотларимизни фаол қўллаб-қувватлаб, уларни амалга оширишда доимо фидоийлик кўрсатиб келаётган меҳнаткаш, олижаноб ва бағрикенг халқимизга чин дилдан таъзим қиламан», — дея ўз сўзига якун ясади давлат раҳбари.