Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизматининг хабар беришича, 2021-йил июл ойида Қашқадарё вилоятида ўтказилган ўрганиш натижасида 10 та тиббиёт муассасаси томонидан 75 дона жами 7,8 млрд сўмлик тиббий ускуналар Қарши шаҳридаги «Д.М.» МЧЖдан шартнома асосида жуда қиммат нархларда бюджет маблағлари ҳисобига сотиб олинганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган материаллар Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилган.

Департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан тиббий ускуналарни асл нархидан 3 млрд 150,6 млн сўмга қиммат нархларда сотиб олинганлиги ҳолати бўйича 2021-йил 16-декабр куни «Д.М.» МЧЖ раҳбари ва Қашқадарёдаги 10 та тиббиёт муассасаси мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Жумладан, тиббий ускуналар қуйидаги муассасаларга етказиб берилган дея маълумот берилади:

  • Қашқадарё вилояти 1-сон асаб руҳий касалликлар диспансери;
  • Вилоят Перинатал маркази;
  • Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Қашқадарё вилоят филиали;
  • Нишон туман Тиббиёт бирлашмаси;
  • Қашқадарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази;
  • Қашқадарё вилоят Фтизиатрия диспансери;
  • Қашқадарё вилоят Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар уруш ва меҳнат фахрийлари учун саноторияси;
  • Қашқадарё вилояти 2-сон асаб руҳий касалликлар диспансери;
  • Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё вилоят минтақавий филиали;
  • Тери таносил касалликлари диспансери.

Аниқланишича, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази «Ультразвуковая диагностическая система E-CUBE 8 с 4 датчиками» тиббий ускунасини 500 млн сўмга (аслида 251,1 млн сўмлик) ёки 200 фоизга (249,9 млн сўм) устама қўйилган ҳолда сотиб олган.

Шунингдек, вилоят Тери таносил касалликлари диспансери томонидан ҳақиқий баҳоси 386,6 млн сўмлик тиббий ускуналарни 944,1 млн сўмга харид қилганлиги, яъни 557,5 млн сўмга ёки 244,2 фоизга қиммат нархларда сотиб олиниб, бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги суднинг ҳукми билан ўз тасдиғини топди.

Умуман, юқорида қайд етилган 10 та тиббиёт бирлашмасида 7,8 млрд сўмлик ҳарид қилинган тиббий ускуналар бозор баҳосига нисбатан 3 млрд 150,6 млн сўмга қиммат нархларда харид қилиниб, буджет маблағлари талон-торож қилинганлиги тергов жараёнида аниқланиб, айбдор шахслардан 3 млрд 150,6 млн сўм бюджетга қайтарилди.

Мазкур жиноят иши доирасида 10 та тиббиёт муассасасининг 11 нафар мансабдор шахслари ҳамда «Д.М.» МЧЖ раҳбари Жиноят ишлари бўйича Қарши тумани судининг 2022 йил 4 августдаги ҳукмига асосан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, уларга нисбатан жиноий жазо чоралари белгиланди. Айнан қандай жазо берилгани аниқлаштирилмаган.

Шунингдек, улар 1 йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилди.