Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 август куни Украина президенти Владимир Зеленский ва ушбу мамлакат халқини Украина миллий байрами — Мустақиллик куни билан табриклади. Табрикнома 25 август куни Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси сайтида эълон қилинди.

«Бу ойда биз икки томонлама муносабатларимиз тарихидаги муҳим сана — дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаймиз. Ҳеч шубҳа йўқки, анъанавий дўстлик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган ўзбек-украин муносабатлари биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли бундан кейин ҳам ривожланиб боради», — дейилади табрикда.

«Сизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, масъулиятли давлат фаолиятингизда муваффақиятлар, дўст украин халқига эса тинчлик ва фаровонлик тилайман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этиш жоизки, табрик Ўзбекистон президенти матбуот хизмати сайтида эълон қилинмади. Айрим йилларда бу ҳақда бир сатр билан эълон қилинган — масалан, 2020 йил (Владимир Зеленский табрикланган) ва 2018 йилда (Пётр Порошенко).