Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси 1044 та ҳолатда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бизнес-омбудсман матбуот хизмати хабар қилди.

Шундан 815 таси тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текшириш ўтказиш қонунчилиги талаблари бузиш билан боғлиқ. Ҳудудлар кесимида, Жиззах (660 та), Сирдарё (28 та), Андижон (27 та), Фарғона (20 та), Самарқанд (10 та), Тошкент (8 та), Бухоро (7 та) ва Хоразм (3 та) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (52 та) шундай камчиликларга йўл қўйилган.

Мисол учун инспекциянинг Хоразм вилояти Урганч тумани бўлими ходими томонидан «Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими»да рўйхатдан ўтказмасдан, 2022 йил 29 март куни «Қувондиқ Сардор Салимбой» фермер хўжалигида текшириш ўтказилган. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқишда 198 та ҳолатда ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилган.

«Андижондонмаҳсулотлари» АЖнинг 2021 йил 26 октябрдаги мурожаатига инспекциянинг Андижон вилояти бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўрганиш ўтказилган кунга қадар жавоб берилмаган. Бундан ташқари, 31 та ҳолатда тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатишда қонунчилик талаблари ва белгиланган муддатларга амал қилинмаган, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, камчиликларга йўл қўйган 142 нафар мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Шунингдек, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясига йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, уларни келгусида йўл қўйилишини олдини олиш ҳамда тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли чоралар кўрилиши юзасидан тақдимнома киритилган.