Июль ойида Интерпол томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси, 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланиб, халқаро қидирувга берилган шахс қўлга олинди, дея хабар берди бюронинг матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, қидирувда бўлган шахс 2021 йилнинг ёзида Telegram тармоғида гуруҳ тузди ва унинг иштирокчиларини икки баравар даромад олишга қизиқтириб, фирибгарлик йўли билан уларни пластик картага пул ўтказишга кўндирган. Шундан сўнг, ваъдасини бажармасдан, ўзгаларнинг пулларини ўзлаштириб олиб, қочиб кетган.

Ахборот таъминоти ва тезкор-қидирув тадбирлари натижасида гумонланувчининг яширинган жойи аниқланиб, Санкт-Петербург шаҳрида қўлга олинди.

Ҳозирда муносиб жазога тортилиши учун судга топшириш мақсадида Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши кутилмоқда.

ЖКда кўрсатилган моддалар асосида қўлга олинган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.