19 августда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 69 сессияси бўлиб ўтди. Унда биомертик маълумотларга асосланган юзни аниқлаш ва назорат қилиш комплекс тизимини жорий этиш концепцияси муҳокама қилинди ва бир овоздан маъқулланди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Лойиҳани ИИБ Киберхавфсизлик маркази вакили Шавкат Файзиев тақдимот қилди. Унинг сўзларига кўра, концепция президентнинг 2021 йил 28 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [ПҚ-67-сонли] қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Ушбу ҳужжат доирасида томонлар ҳамкорликнинг уч муҳим йўналишини белгилаб олишган:

  • рақамлаштириш;
  • «яшил» иқтисодиёт;
  • кучли ижтимоий сиёсат масалалари.

Киберхавфсизлик маркази вакилининг сўзларига кўра, тизим дастлаввал Тошкент шаҳрида ишга туширилади.

Шавкат Файзиевнинг қайд этишича, тизимни жорий этиш аҳоли саломатлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга, «чунки ҳарорати юқори бўлган, юқумли касалликларга чалинган ёки соғлиги тўсатдан ёмонлашган шахсларни автоматик аниқлаш имконияти ҳозирда мавжуд эмас».

«Пандемия даврида биз биометрик юзни таниш тизимига эга бўлган мамлакатларда ушбу тизим касаллик тарқалишининг олдини олишда муҳим роль ўйнаганига гувоҳ бўлдик. Мисол учун, термал датчикли камералар юқори ҳароратли одамларни аниқлаш ва уларни изоляция қилишга ёрдам берди», — деди у.

Марказ вакилининг сўзларига кўра, тизим жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жумладан, тартибсизликларнинг олдиндан кўра билиш, уларнинг ташкилотчилари ва фаол иштирокчиларини масофадан туриб аниқлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирда бундай механизм йўқ, дея қайд этилган лойиҳа тақдимотида.

Бундан ташқари, лойиҳа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, шунингдек бедарак йўқолган, қидирувда бўлган шахсларни, қарздорларни қидиришга кўмаклашиш, шартли ва профилактик ҳисобда турган шахсларни, тан жароҳати етказиш ва безорилик ҳолатларини аниқлашга қаратилган.

Киберхавфсизлик маркази вакили экстремист ва террористларни аниқлашда психологик портретни шакллантириш тизимининг (профайлинг) ҳалигача йўқлигини ҳам қайд этди.

Шунингдек, Шавкат Файзиев тизим Ўзбекистонда юзни танишдан фойдаланган ҳолда контактсиз тўловлар амалга оширишда содир бўлиши мумкин бўлган сохталаштириш жараёнларини (Deepfake) ҳам аниқлашга ёрдам беришини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда 179,6 мингдан ортиқ камералар фаолият кўрсатмоқда, шундан 177,1 мингдан ортиғи стационар, 1233 таси ПТЗ камералари (айлантириш, буриш ва катталаштириш учун ҳаракатлантирувчи тизим билан жиҳозланган), 658 таси давлат рақамларини аниқлаш бўйича камералари, 604 таси юзларни таниб олишга мўлжалланган.

Маълумотларни шахсийлаштириш маркази 29 миллиондан ошиқроқ (35,27 миллион аҳолидан), шу жумладан 16 ёшдан ошган 24,38 миллион шахснинг паспорт маълумотлари ва биометрик тасвирларини рўйхатдан ўтказиб бўлган.

Шавкат Файзиев дастурий тизим ва зарур жиҳозлар, жумладан, иссиқлик датчиги мавжуд 180 та камера харид қилиш учун Жанубий Кореянинг Эксимбанкидан 7 миллион долларлик имтиёзли кредит жалб қилинаётганини айтиб ўтди. Кредит маблағи 0 фоиз миқдорда олиниши кўзда тутилган.