Наманган вилоятидаги Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси фаолияти фавқулодда тўхтатилди, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги.

Таъкидланишича, вилоятдаги «Ўзтрансгаз» АЖга қарашли магистраль газ қувури ўтган ер майдонида номаълум шахслар келишмасдан ерни қазиш ишларини олиб борганлиги натижасида газ қувурига шикаст етказилган.

Ушбу газ қувури Тўрақўрғон ИEСни ёқилғи билан таъминлайди. Мазкур газ қувурига етказилган шикаст натижасида Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси фавқулодда тўхтатилди, дейилади хабарда.

Ҳозирги вақтда носозликларни бартараф этиш, шунингдек, электр таъминоти учун захира қувватларини ишга тушириш бўйича барча чоралар кўрилмоқда.

Бошқа электр станцияларида захира энергоблокларини улаш бўйича ишларни бажариш учун маълум вақт зарурлигини инобатга олган ҳолда, айрим ҳудудларда электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкин.

Мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Вазирлик келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўрамоқда.