17 август куни Наманган вилоятидаги «Ўзтрансгаз» АЖга қарашли магистраль газ қувури ўтган ер майдонида номаълум шахслар келишмасдан ерни қазиш ишларини олиб борганлиги натижасида газ қувурига шикаст етказилгани оқибатида Тўрақўрғон ИЭС фаолияти фавқулодда тўхтатилгани ҳақида хабар берилган эди.

Маълум муддат ўтиб, иссиқлик электр станциясига табиий газ етказиб бериш қайта тикланди, деб хабар берди «Ўзтрансгаз» АЖ матбуот хизмати.

«Ўзтрансгаз»нинг аниқлик киритишича, Тўрақўрғон туманидаги фермер хўжаликларидан бирига тегишли ер майдонида дала ишлари олиб борилаётган вақтда Тўрақўрғон ИЭС газ тақсимлаш станцияга табиий газ етказиб берувчи магистрал газ қувурининг Д-50 миллиметрлик пуркаш мосламасига шикаст етказилган.

Энергетика вазирлиги йўқотилган қувватни тиклаш учун Тошкент, Янги Ангрен, Сирдарё ИЭСлари ҳамда Чорвоқ гидроэлектр стансиясидаги захира энергоблоклар ишга туширилганини маълум қилди.