Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 август куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Мулоқот давомида мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари кун тартибидаги долзарб масалалар кўриб чиқилди, минтақавий ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.

Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш, хусусан, Ўзбекистон ва Россиянинг ҳудудлари ва тадбиркорлари даражасидаги устувор кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди. Хабарда жорий йилнинг етти ойида товар айирбошлаш 30 фоизга ошгани таъкидланди. Айни пайтда савдо кўрсаткичларининг ўсиши юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни ўзаро етказиб беришни кўпайтириш ҳисобига таъминланмоқда.

Жорий йилнинг кузида учинчи Ўзбекистон-Россия ҳудудлар форумини ўтказиш режалаштирилган. Муҳим инвестицион лойиҳалар ва маданий-гуманитар дастурлар давом эттирилмоқда.

Суҳбатда Ўзбекистон ва Россия етакчилари, энг аввало, амалий шерикликни аниқ, сифатли мазмун билан бойитиш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттириш орқали мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини қайд этдилар.

Шунингдек, бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси муҳокама қилинди. Давлат раҳбарлари жорий йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитини ташкил этиш ва ўтказиш масалаларига алоҳида тўхталдилар.