Президент 11 август куни «Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни ташкил этиш тизимини ислоҳ қилиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги [ПФ-189-сон] фармонни имзолади.

Унга кўра, тадбиркорлик субъектлари — санитар тозалаш корхоналаридан (давлат унитар корхоналари бундан мустасно) ундириладиган қуйидаги мажбурий тўловлар бекор қилинади:

  • Санитар тозалаш бўйича ихтисослаштирилган корхоналар республика бирлашмасига санитар тозалаш хизматларини кўрсатганлик учун ундириладиган тўловлардан 5 фоиз миқдоридаги ажратмалар;
  • санитар тозалаш хизматларини ташкил этиш марказларига санитар тозалаш хизматларини кўрсатганлик учун ундириладиган тўловлардан 5 фоиз миқдоридаги ажратмалар.

2026 йил 1 январгача асосий фаолияти чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш, саралаш ва қайта ишлаш ҳисобланган тадбиркорлик субъектлари учун ушбу фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари) ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида қўлланилади.

Қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган давлат корхоналари ҳисобидаги махсус автотранспортлар ва техникаларини давлат-хусусий шериклик асосида хусусий шерикка бериш муддати 7 йилдан 10 йилга ҳамда бир йиллик имтиёзли давр билан узайтирилади.

Кичик тадбиркорлик субъектлари бўлган санитар тозалаш корхоналарига:

  • инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида банкларнинг миллий валютада ажратиладиган кредитлари бўйича 50 фоизгача (50 фоиз ҳам киради), бироқ умумий қиймати 2,5 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафилликлар;
  • 2024 йил 1 январгача инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида банкларнинг миллий валютада ажратиладиган, умумий қиймати 5 миллиард сўмдан, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмаган кредитлари бўйича унинг асосий ставкадан ошган, бироқ асосий ставканинг 30 фоизидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун уч йил муддатгача «2+1» тамойили асосида компенсациялар тақдим этилади.